Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида автобус қатнови қайта тикланади

Транспорт вазирлигида Халқаро автомобиль ташувлари масалалари бўйича ўзбек-тожик қўшма комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Вазир ўринбосари А.Мўминов ҳамда Тожикистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари Ш.Саидмуродзода раҳбарлигида бўлиб ўтган учрашувда иккала мамлакат ўртасида халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Томонлар халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик ҳолати ҳақидаги ахборот билан бўлишишди. Улар, шунингдек, бу соҳада имзоланган келишувларнинг амалга оширилиши қандай бораётганини муҳокама қилишди.

Йиғилишда томонлар коронавирус пандемияси сабаб бугунги кунда тўхтаб қолган автобус қатновларини қайта тиклаш билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

Шунингдек, “Ўзбекистон – Тожикистон – Хитой” транспорт коридорини ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: