Ўзбекистон «Толибон» билан нимани муҳокама қилди?

Жорий йилнинг 16 октябрь куни Термиз шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон делегациясига Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардо Умурзаков, Афғонистон томонига эса Муваққат ҳукумат раҳбарининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Салом Ҳанафий бошчилик қилди.

Маълум бўлишича, музокаралар чоғида турли вазирлик ва идоралар вакиллари чегара хавфсизлиги, инвестициялар, ўзаро савдо, энергетика, халқаро юк ташиш ҳамда транзит соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, таълим ва гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш борасида ҳам фикр алмашилган.

Инфратузилмавий лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, Сурхон – Пули-Хумри электр узатиш линиясини ўтказиш ҳамда Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор темир йўлини қуришга алоҳида эътибор қаратилган.

Томонлар муносабатларнинг кўриб чиқилган ҳар бир йўналишида ўзаро ҳамкорлик қилиш йўлларини муҳокама қилдилар ҳамда устувор соҳаларда мавжуд масалаларни ҳал этиш бўйича биринчи даражали вазифаларни белгилаб олдилар.

Учрашув якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан бир қатор икки томонлама келишувларга эришилди.

Афғонистон делегацияси меҳмондўстлик ва самарали музокаралар учун Ўзбекистон томонига чуқур миннатдорлик билдирди.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: