Турмада жазо ўтаган шахс террористик ташкилот тарафдори эканлиги аниқланди

Турмада жазо ўтаган шахс террористик ташкилот тарафдори эканлиги аниқланди Фарғоналик фуқаро У.А. (исми-шарифи ўзгартирилган) муқаддам содир этган ўғирлик жиноятлари учун беш маротаба судланган, охирги маротаба 2015 йилда содир этган ўғирлик жинояти учун 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Қизиғи шундаки, судланувчи У.А. фақатгина ўғирлик жиноятлари учун судланиб, жазони ижро этиш колонияларида озодликдан маҳрум қилиш жазоларини ўтаб келган, муқаддам террористик ташкилотга алоқадорлиги ёки тарафдори эканлиги аниқланмаган, шунингдек, у 2019 йилда суд томонидан ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, унга инсонпарварлик тамойили қўлланган.

Жиноят иши ҳужжатларига ҳамда судда аниқланган ҳолатларга кўра, У.А. 2018 йил ноябрь ойидан 2019 йил январь ойига қадар Навоий шаҳридаги 11-сонли жазони ижро этиш колонияси турма участкасида жазо муддатини ўтаб келади ва жазони ўташ давомида, “Ислом халифалиги давлати” қуришни ўз олдига мақсад қилади.

У.А. бутун дунёда, жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бориши тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир аль-Исломий” халқаро террористик ташкилотнинг ғояларини қўллаб, террористик ташкилот ғоялари билан йўғрилган варақаларни қўлёзма шаклида, матндаги айрим сўзларни қисқартирган ҳолда тайёрлаб, турма участкасидаги маҳкумларга тарқатади.

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан 2021 йил 12 март куни У.А. га нисбатан бўлган жиноят иши суд муҳокамасида кўриб чиқилди ва унинг айби судда тўлиқ тасдиқланди.

Суд томонидан У.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 159-моддасининг 1-қисми ва 244-1-моддасининг 2-қисми билан Жиноят кодексининг 60-моддаси тартибида узил-кесил 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: