Тошкентнинг Россия империяси томонидан босиб олиниши

1864 йилда Тошкент Қўқон хонлиги таркибида эди. 1864 йил 1 октябрда Михаил Черняев бошчилигидаги рус қўшинлари Чимкент йўлидан келиб Оққўрғон тепалигига ўрнашди ва шаҳарни қамал қилиб тўпдан ўққа тутди. Тошкентликлар шаҳарни қаттиқ туриб ҳимоя қилдилар. Қўқондан хонлик лашкарбошиси Мулла Алимқул мингбоши кўп минг кишилик қўшин билан Тошкентга етиб келгач, Черняев қўшинлари билан Чимкентга чекинишга мажбур бўлди. Бироқ 1865 йил 27 апрелда Черняев қарийб 2000 кишилик қўшин билан яна Тошкент томон йўлга чиқиб, Чирчиқ дарёси бўйидаги Ниёзбек қалъасини эгаллайди ва шаҳарни сувсиз қолдириш мақсадида Кайковус ариғи (Бўзсув канали) сув оладиган тўғонни буздириб ташлайди. 9 май куни шаҳарнинг шимоли-шарқидаги Шўртепада Тошкент ҳимоячилари билан рус босқинчилари ўртасида яна қаттиқ жанг бўлади.

 

Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликлари Тошкент ҳимоячиларининг ёрдам сўраб қилган мурожаатларига рад жавобини берди. Черняев фурсатни бой бермаслик учун Тошкентни қамал қилди. Шаҳар аҳолиси сувсиз қолди, озиқ-овқат захираси ҳам тугади. 14 июнда Черняев аскарлари шаҳарга бостириб киришга муваффақ бўлди, улар дўкон ва уйларга ўт қўйдилар. 42 кун сувсиз қолган ва очликдан тинкаси қуриган Тошкент ҳимоячилари 17 июнда эрталаб таслим бўлишга мажбур бўлдилар. Черняев шаҳар аёнларидан Тошкентнинг 12 дарвозаси рамзий олтин калитларини топширишни талаб қилди. Черняев буйруғи билан уйлар ёндирилди, эгалари отиб ташланди ёки милтиқ найзаси билан санчиб ўлдирилди, ҳеч кимга шафқат қилинмади.

 

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: