Тошкент ва Душанбе йил охиригача чегара масаласини ҳал қилади

Тожикистон ва Ўзбекистон Президентлари тегишли ишчи гуруҳларга, жумладан, тадқиқотчилар, картографлар, Ташқи ишлар вазирлиги, чегара хизматлари вакилларига 2021 йил охиригача икки давлат чегараларида чегара постларини ўрнатиш тартибини ниҳоясига етказиб, тасдиқлашни топширди. Бу ҳақда “Азия плюс” нашри ёзмоқда.

Кеча, 27 сентябрь куни Самарқандда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши якунланган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 20-27 сентябрь кунлари ишчи гуруҳларининг Самарқандда бўлиб ўтган музокараларида Тожикистон-Ўзбекистон давлат чегарасидаги демаркация ишлари муҳокама қилинган ва олиб борилган дала ишлари натижалари кўриб чиқилган. Навбатдаги учрашувни Тожикистон ҳудудида ўтказиш тўғрисида келишувга эришилган

Эслатиб ўтамиз, томонлар 2020 йил охиригача Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегарасини демаркациялашни якунлашга қарор қилганди, бироқ, COVID-19 пандемияси ушбу жараённи кечиктириб юборди.

Маълумот учун, икки давлат ўртасидаги давлат чегарасини тўлиқ делимитация қилиш 2019 йилда якунланган эди. Томонлар ўша вақтда чегара чизиғини ёзма равишда келишиб олган, энди давлат чегарасини белгилаш натижасида хариталарда икки давлат чегарасининг аниқ чизиғи кўрсатилади.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзбек-тожик давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартнома 2018 йил 9-10 март кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега давлат ташрифи доирасида имзоланган.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: