Толибон Афғонистони Ўзбекистонга таҳдидми ёки?

Ҳозир Толибон қудратда бўлган Афғонистон президентликка номзод ва амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди кампанияси чоғида энг кўп ва устма-уст эътибор қаратаётган мавзу бўлади.
Ўзининг чиқишлари билан расмий Тошкентнинг Толибон Афғонистони билан бугунги муносабатлари тафсилотларига энг кўп ойдинлик киритаётган шахс экани кўрилади.
Шавкат Мирзиёев сайловолди ташвиқот амалиёти билан Қашқадарё вилоятида экан, кеча, душанба куни яна Афғонистондаги вазиятга алоҳида тўхталган.
Унинг бу галги чиқиши ҳам ўша соатларнинг ўзидаёқ аксарият етакчи минтақавий ва маҳаллий нашрларнинг бош сарлавҳаларига айланган.

Толибон қудратга қайтган кун
Шу йилнинг 15 август куни Афғонистонда Толибон яна қудратга қайтган.
Ҳаракат бу гал ҳам мамлакатни қуролли йўл билан эгаллаган.
Хорижий иттифоқ қўшинларининг ортиқ Афғонистонда қолишларига изн бермаган, уларнинг қолиш муҳлатларини узайтирмаган.
Сўнгги АҚШ ҳарбийси Афғонистонни шу йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.
Мамлакатда ҳокимият тинч йўл билан алмашмаган.
Куч билан қудратга қайтишидан саноқли ҳафталар ўтиб, Толибон ўзининг муваққат ҳукуматини тузган.
Афғонистонни яна Исломий Амирлик, деб эълон қилган.
Ўзининг сиёсий қанотига ҳам эга Толибон минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи бўлади.
Халқаро ҳарбий доираларда ҳаракат сафларидаги доимий аъзоларининг сони юз мингга яқин экани айтилади.
Толибон ўз вақтида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Афғонистондаги илк ва яқин иттифоқчиси ҳам бўлган.
Халқаро ҳамжамият бундан аввал Толибонни Афғонистонни куч билан босиб олган тақдирда, иҳоталаб қўйиш билан огоҳлантирган.
Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтса-да, дунёнинг бирор бир давлати уларнинг муваққат ҳукуматини ҳалича қонуний, деб тан олмаган.
Уни “инклюзив эмас”ликда ҳам кескин танқид қилган.
Четдаги миллиардлаб долларлик музлатиб қўйилган активлари ҳануз очилмаган.

Бугунги хавотирлар
Афғонистонда юзага келиши мумкин бўлган инсоний бўҳрон эса, мамлакатдаги вазиятни жиддий издан чиқариб юбориши мумкинлигига оид хавотирлар аллақачон кучая бошлаган.
Толибоннинг ашаддий рақиби сифатида кўрилувчи ИШИД ҳам сўнгги ҳафталарда ўзининг ҳужумларига зўр берган.
Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга чегарадош бешта мамлакатидан биттаси бўлади.
Худди шу манзарада Ўзбекистон Толибоннинг муваққат ҳукуматини биринчилардан бўлиб олқишлаб чиққан, улар билан расмий мулоқотларини фаоллаштираётган, инсонпарварлик ёрдамларини давом эттиришга қарор қилган дунёнинг саноқли давлатларидан бири.
Аксарият минтақавий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон шу йўл билан жангарилар бўладими ёки катта сондаги қочқинлар оқими – Афғонистондан келиши мумкин бўлган ҳар қандай хавф ва таҳдидни юмшатиш ҳаракатида.
Шавкат Мирзиёев Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг сўнгги саммитида ҳам халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини Афғонистонга тортган.
Ўзбекистон раҳбари расмий ва юқори минбардан туриб, уларни Афғонистонни яккалаб қўймасликка чақирган.
Аксарият минтақавий таҳлилчилар ҳам расмий Тошкент бугун Толибон билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш ҳаракатида эканини урғулашади.
Яъни, уларнинг наздларида, Ўзбекистон ҳаракат Афғонистонда доимий барқарорликни ўрнатишга муваффақ бўлса, ўзининг узоқ йиллик йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга ҳам кўз тиккан.
Қудратга қайтиши арафасида эса, ҳатто Хитой ҳам ҳаракатни “Афғонистон масаласида якуний сўзни айтувчи муҳим ҳарбий ва сиёсий куч”га нисбат берганди.

Ўқ отилмаса, бўлди
Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, ҳар тонг Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги вазият билан қизиқади.
“30-40 дақиқа унга ўзаро чегарадаги вазият ҳақида хабар беришади”.
“Ўтираверсак, вазиятни бизга ҳеч ким айтмайди”, – деб айтган Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти “қўшни танланмаслиги”ни таъкидлаган.
Яна бир бор “жафокаш афғон халқига қўлларидан келганча ёрдам беришлари”ни билдирган.
Ягона мақсадлари – “Ўзбекистонга Афғонистондан ўқ отилмаслиги” эканини қайта такрорлаган.
Афғонистоннинг “янги раҳбарлари билан музокаралар олиб бораётганликлари”ни Ўзбекистон президенти ўлароқ Шавкат Мирзиёев ҳам тасдиқлаган.
Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёдаги чиқиши Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳукумат ҳайъатининг Толибон Афғонистонига илк олий даражадаги амалий ташрифига унча кўп бўлмаган бир пайтга тўғри келган.
Икки ўртада маҳаллий миқёсдаги мулоқотлар, учрашувлар ҳам фаоллашиб бораётган бир манзарада кузатилган.
Ҳукумат ҳайъатининг 7 октябрь кунги ташрифи чоғида эса, Толибон томони расмий Тошкентга сўнгги йилларда бериб келган ваъдаларини яна бир бор такрорлаган.
Шимолий қўшниларини яна бир бор Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистон хавфсизлигига бирор бир таҳдид бўлмаслигига қатъий ишонтирган.
Ўзбекистоннинг Афғонистондаги иқтисодий манфаатлари, йирик лойиҳалари ижроси, этник ўзбекларнинг тили ва маданиятини ҳам ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлашга такроран ваъда берган.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: