Токио-2020: ўзбекистонлик боксчиларнинг навбатдаги рақиблари маълум

Олимпия ўйинларида ўз иштирокини давом эттираётган 4 нафар ўзбекистонлик боксчиларнинг чорак ва ярим финалдаги рақиблари ва жанг вақтлари аниқ бўлди.

Унга кўра 3 август куни -52 кг вазн тоифасида Олимпиада ва Жаҳон чемпиони Шаҳобиддин Зоиров филиппинлик Карло Паламга қарши рингга кўтарилади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 07:15 да бошланади.

-63 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Элнур Абдураимов Арманистон вакили Ованнес Бачков билан жанг қилади. Баҳс соат 08:00 да старт олади.

Кечки дастурда эса ёллар ўртасидаги -60 кг вазнда Олимпия ўйинлари иштирокчиси Райҳона Қодировани бразилиялик Жаҳон чемпиони Беатрис Феррейрага қарши қийин беллашув кутиб турибди. Жанг соат 13:00 да бошланади.

4 август куни +91 кг вазнда дунё рейтинги етакчиси Баҳодир Жалолов британиялик Фрейзер Кларкка қарши ярим финал жангида рингга кўтарилади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 13:00 га белгиланган.

Маълумот ўрнида, Рио Олимпиадасида ўзбекистонлик боксчилар 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритган эди.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: