Тезкор! Ўзбекистонда…

Ўзбекистонда карантин чекловлари қачон кучайтирилиши айтилди. 4 040
АОКАда 15 июль, пайшанба куни Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ чекловлар касалланишнинг белгиланган чегарасидан ошгандагина кучайтирилиши маълум қилинди.

Севара Убайдуллаеванинг айтишича, бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий тармоқларида эълон қилинаётган статистик маълумотлар кунлик назоратини кузатиш мумкин. Баъзида кўтарилиш, баъзида тушиш қайд этилаётганига қарамай, ўртача қиймат бир хил даражада ушланиб турибди.

Унинг сўзларига кўра, карантин қоидаларининг кучайтирилиши бўйича талаблар мавжуд. Унда янги касалланганлар, мавжуд даволаш масканлари ва ресурслар ҳамда касалланганлар ва тузалаётганлар солиштирилади, белгиланган чегара ҳолатдан ортса, шу вақтда карантин кучайтирилиши белгиланади.

«Ҳа, вазиятни жиддий деб баҳолаш керак, лекин бу ерда касалланишда коронавирус инфекцияси ва пневмония тафовутларини кўриб чиқишимиз керак. Пневмония касаллиги нафақат вирус, балки у бактерия ёки бошқа турдаги инфекциялар оқибатида ривожланиши мумкин», — дейди у.

Штаб аъзосининг таъкидлашича, пневмония, одатда, вирусли инфекциялардан кейин, бактерия ёки бошқа инфекциянинг қўшилиши оқибатида кузатилади ва унда йўтал балғамли бўлади. Коронавирус инфекцияси ўпкада келтириб чиқарадиган ўзгаришдан пневмониянинг фарқи мавжуд.

«Коронавирус инфекцияси ўпкада пневмонитни келтириб чиқаради ва унда йўтал қуруқ ҳамда балғамсиз бўлади. Ва ўпка жароҳатланиши доим ҳам касалликнинг биринчи кунларида кузатилмайди. Ўпкадаги ўзгаришлар коронавирус инфекциясида касалликнинг 4–5, узоғи 6–7 кунларида ривожланади. Бу эса коронавирус билан касалланган беморларнинг ҳаммасида ҳам ўпкада жароҳатланиш кузатилмаслиги мумкинлигини билдиради», — дейди мутахассис.

Аввалроқ Ўзбекистонда нега коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпаяётгани ва Ўзбекистонда коронавирус беморларини даволаш учун қўшимча шифохоналар очилиши маълум қилинганди.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: