СУРХОНДАРЁ – “Ошхоналар газдан узилиши ҳақида огоҳлантириш берилди. Энди тирикчилигимиз нима бўлади?”

ТЕРМИЗ. “Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги кафе ва ошхона ишчилари номидан мурожаат йўлламоқдамиз. Бир неча ойлик карантиндан кейин 15 сентябрдан иш бошладик. Аммо иш бошлаганимизга икки ой бўлмай, шаҳар газ таъминоти корхонасидан газдан узиб қўйишлари ҳақида икки марта огоҳлантириш хати олдик. Огоҳлантириш хатида бошқа ёқилғи турига ўтиш айтилган. Огоҳлантиришдан кейин бошимиз қотиб қолди. Қандай ёқилғи турига ўтиш мумкин? Бошқа жойларни билмадигу, лекин Термизда бунинг иложи йўқ.
Биринчидан, газ баллонини тўлдириб берадиган шохобчанинг ўзи йўқ. Автомобилларга пропан гази қуядиган шохобчалар баллон тўлдириб бермайди. Иккинчидан, чироқ кўп ўчиши сабаб электр энергияси билан ҳам ишлаб бўлмайди. Учинчидан, усти ёпиқ ошхона ва кафеда кўмир ва ўтин ишлатиб бўлмайди.
Карантинда беш ой ишламадик, беш ой газ ёқмадик, беш ой даромадсиз сабр қилиб яхши кунларни кутдик. Хўш, энди кафе ва ошхоналар ишчи-ходимлари рўзғори нима бўлади? Кафе ва ошхоналарга газ таъминотини тиклашларини сўраб қоламиз”

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: