Самарқандда тадбиркор қўшнисини ўлдириш учун қотил ёллади

Самарқанд вилоятида қўшнисини ўлдириш учун қотил ёллаган хусусий тадбиркор 5 йилга қамалди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 2017 йил август ойида икки ўртада жанжал бўлиб ўтган ва қўшнига суд ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 105-моддаси (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жазо тайинланган. Орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, қўшнисига нисбатан нафрати ошган тадбиркор ундан қасд олиш мақсадида одам ўлдиришга мойил шахсни ёллаб, уни қасддан ўлдириш режасини тузган.

Таъкидланишича, у бунинг учун Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) ва бошқа моддалари билан судланиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазони ўтаган танишидан ёлланма қотил топиб беришини сўраган. Аввалига рози бўлмаган йигит танишининг нияти жиддийлигини билгач, рози бўлган. Лекин содир бўлиши мумкин бўлган жиноятнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган.

Қайд этилишича, қўшни эркак грим ёрдамида қотиллик оқибатида ўлдирилганлигини тасдиқловчи фотосуратларни тайёрлаган. Фотосуратларда қўшнисининг ўлганини кўрган тадбиркор ёлланма қотил учун келишилган маблағнинг ярмини танишига бераётганда тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган. Унга иштирокчиликда одам ўлдиришга суиқасд қилгани учун 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда опа-ука ўз келини ва унинг онасини ўлдириш учун қотил ёллагани ҳақида хабар берилган.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: