Қўшним пешонанг шўр, деди!..

Ёмон жаҳлим чиқди. Уйга келдимда, совунни ҳамма тури билан пешонамни ювдим. Аямасдан ишқаладим. Кейин сувни ҳам аямадим… Битта пешонамни ўзига икки челак сув сарфладим… Кейин энг тозза сочиққа артдимда, икки тош нарида турадиган қўшнимникига югурдим. Унинг томорқасини меникидан катта ариқ ажратиб туради…

— Бу ёққа қара! Сен мени пешонамни шўр деганмидинг?! Кўриб қўй, пешонамни, қанақа ялтиллаяпди! — дея бақирдим бор овозда.

У уйидан чиқди, қисиқ кўзларини баттар қисиб менга қаради. Кейин хондон отиб кулди.

— Менга қара, сени пешонангни шўри ҳеч қачон кетмайди!.. Чунки сени раисинг, қўшни колхоздан сув олади. Тушундингми?! Ўзини сувини ишлатмайди. Оққизиб юбораверади. Сабаби, унинг ўзи қўшни колхоздан, тушундинг?! Сен уни қўшни колхоздан олган сувига бетингни ювасан. Шунинг учун пешонанг шўр бўлиб қолаверади. Олдинги раисларинг ҳам шундай эди. Бизни раис бўлса ўзимизники. Агар сен бизни колхоздан сув оладиган бўлсанг унга ҳам туз қўшилади. Раис қўшиб юборадида. Тушундингми?! Сен анави, қўшни колхоздан келаётган сувни тўхтат. Ўзингникини ишлат. Тушундинг?!

Мен калламни осилтирдим. Ва индамай ортимга қайтдим. Чунки у айтган ишни барибир қилолмас эдим…

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: