Қирғизистон: Асли туркиялик Ўрхан Инанди қаерда?

Қирғизистондаги “Сапат” таълим муассасаси президенти Ўрхан Инандининг бир ҳафтадан бери дараги чиқмаётир. Унинг тақдирига Қирғизистон президентининг шахсан ўзи эътибор қаратди. Яхшилаб қидиришга буйруқ берди. Рафиқаси эрининг ҳаёти хавф остида эканидан хавотирда. Ўрхан Инанди қаерда?
Республикадаги “Сапат” таълим муассасаси президенти Ўрхан Инандининг бир ҳафтадан бери дараги чиқмаётгани гумонларни кучайтирмоқда.
Қирғиз ватандошининг изсиз йўқолиши ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда ва бир қатор жамоат арбоблари, фуқаролик жамияти фаоллари бу хусусда расмийларга ҳам мурожаат қилишган.
Кеча, 6 июнь куни Ўрхан Инанди рафиқаси Рейҳан Инанди ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат қилиб, эрининг ҳозир қаерда ушлаб турилгани ҳақидаги ўз тахминлари ва унинг хаёти хавф остида эканига оид хавотирлари билан бўлишган.

“Биз, турмуш ўртоғим Ўрхан Инандини 31 майдан бери қидираётган бўлсак, олинган сўнгги маълумотларга кўра, у Туркия элчихонасида сақланмоқда. Бугун-эрта уни мамлакатдан олиб кетиш учун Қирғизистон фуқаролигидан чиқиш тўғрисида ариза ёзишга мажбур қилмоқчи. Мен буни миш-миш деб аташим мумкин эди, аммо бу ягона ҳолат эмас. Айнан шу йўл билан “Сапат” ходимларини “террорист”, деб атаб, Туркияга олиб кетишган. Ҳурматли қирғизистонликлар, Президент, ўз фуқаронгизни Туркияга топширмасликка ёрдам беринг “, деган Рейҳан Инанди ўз мурожаатида.
Рейҳан Инандининг бу мурожаати юзасидан ҳозирча Қирғизистон масъул идоралари ва ёки Туркия ваколатхоналари муносабат билдиришмади.
Бир неча кундирки, Ўрхан Инандини топишни талаб қилаётган фуқаролар Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси олдида митинг ўтказишмоқда.
Намойишчилар парламент биноси олдида ҳам тўпланганлар.
Депутатлар Ўрхан Инандини излаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларидан маълумот талаб қилишган. Бироқ ҳали аниқ маълумот олишмаган.
Бугун ҳам Бишкекда ўтказилган митингда намойишчилар ҳукумат биноси олдида йиғилишган. Митингда 200 дан ортиқ одам қатнашмоқда.
Жума куни бўлиб ўтган митингда собиқ Ташқи ишлар вазири Асқар Айтматов ҳам иштирок этган.
Атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг ўғлига кўра, “Сапат” таълим муассасаси Ўрхан Инанди туфайли энг яхши муассасалардан бирига айланган.
Мазкур билим маскани битирувчилари изсиз йўқолган Ўрхан Инандининг қаердалиги ҳақида маълумот берганлар бир миллион доллар миқдорида моддий рағбатлантирилишини маълум қилган.
“Сапат” лицейи бош директори Нурлан Худайбердиев Ўрхан Инанни хориж махсус хизматлари ўғирлаб кетган бўлиши мумкин, дея тахмин қилади.
“Туркия сиёсий воқеалар туфайли турли мамлакатлардан ўз фуқароларини ўғирлаб кетмоқда. Бизда ҳам шундай тахмин бор”, дейди у Бишкекдаги матбуот анжуманида.
“Сапат” раҳбарининг йўқолиши

Ўрхан Инандининг машинаси 1 июнь куни тонгда уйи яқинида, эшиклари очиқ ҳолда топилган. Ўғли милицияга ариза билан мурожаат қилиб, отаси охирги марта 31 май куни, кечқурун соат олтида алоқада бўлганлигини ва ўшандан бери бедарак эканини айтган.
Мазкур ҳолат юзасидан милиция “Одам ўғирлаш” моддаси билан жиноят иши қўзғаб, тергов-тезкор гуруҳи Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Ўрхан Инандини қидириш ишларини олиб бораётгани айтилади.
Президент Садир Жапаров ҳам Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигига қирғиз фуқароси Ўрхан Инандини қидиришни кучайтириш ва қўшимча кучларни жалб этишни буюрган.
Учинчи июнь куни Хавфсизлик Кенгаши котиби Марат Иманқулов дараксиз қолаётган Ўрхан Инандини излаш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан йиғин ўтказган.
Учрашувда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси вакиллари иштирок этиб, тергов ҳақида маълумот берган.
Жиноий гуруҳ?
“Сапат” таълим муассасаси президенти Ўрхан Инанди йўқолган куннинг эртаси, 1 июнь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 2019 йилда баъзи уюшган жиноий гуруҳлар пул талаб қилиш учун уни ўғирлаши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирганини маълум қилган.
“2019 йилда баъзи уюшган жиноий гуруҳлар Ўрхан Инандини пул ундириш учун ўғирлаши мумкинлиги ҳақида хабарлар келиб тушган ва “одам ўғирлаш” моддаси бўйича судгача тергов бошланган. Тергов давомида Инандига ўғирлаш таҳдиди тўғрисида хабар берилган. Хавфсизлик хизмати Инандига соқчи билан юришни таклиф қилган”, дейилади қўмита хабарида.
Хавфсизлик қўмитаси Ички ишлар вазирлигига жиноятчиларни топишда ёрдам бераётганини урғулаган.
Инанди ким?

Ўрхан Инанди 9 йил олдин Қирғизистон фуқаролигини қабул қилган. Бироқ Туркия ватандошлигидан воз кечганми ёки йўқ номаълум.
Унинг рафиқаси Рейҳан Инанди турмуш ўртоғининг Туркия фуқаролигидан чиқиш тўғрисида ариза ёзган-ёзмаганлигини билмайди.
Рейҳаннинг сўзларига кўра, у сўнгги олти йил давомида Туркияга саёҳат қилмаган.
“Туркия унга бутунлай ёпиқ. Унинг Туркия фуқароси эканлигини билмайман, лекин Туркия паспорти бўлса ҳам, эҳтимол унинг муддати тугаган бўлиши мумкин”, дейди Рейҳан Инанди Бишкекдаги матбуот анжуманида.
Шунингдек, Рейхан эрини ўғирланиши ҳақида огоҳлантиришлар бўлганини айтади.

“Ҳа, огоҳлантириш бўлган. Улар қўриқчи олишни таклиф қилишган. Аммо Ўрхан Инанди буни хоҳламади. Унинг қўриқчи ролини бажарадиган ёрдамчиси бор эди. Аммо у билан фақат кундузи ишларди. Биз ҳеч қачон хавфсизлигимиздан ташвишланмаганмиз”, – деган Рейхан Инанди.
Ўрхан Инанди 1995 йилдан бери Қирғизистонда ўқитувчилик соҳасида фаолият олиб борган.
У Қирғизистондаги “Себат” халқаро таълим муассасасининг асосчиларидан бири.
Бугунги кунда ушбу муассаса “Сапат” деб номланиб, 16 та лицей ва халқаро “Ала Тоо” университетига эга.
Ўрхан Инанди билим муассаса раҳбари сифатида 2001 йилдан бери танилган.
У 2003 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
Туркия ҳукумати ушбу мактаблар ортида Фатҳуллоҳ Гулен ҳаракати туради деб ҳисоблайди ва уни бошқа мамлакатларда ёпишга ҳаракат қилиб келади.
“Себат” лицейида 25 йилдан ортиқ ўқувчиларга қирғиз тили ва адабиётидан дарс бериб келаётган Аширгул Токтомамтова Ўрхан Инандининг изсиз йўқолишидан хавотирда.
Унинг сўзларига кўра, Ўрхан Инанди қирғиз халқ мақолларини, адабий сўзларни яхши билиб, миллий қадриятларни ҳам ҳурмат қилган.
“Бизнинг раҳбарларимиз миллий қадриятларимизни юракдан ҳис қилса, Ўрханбейни Туркияга бермаслиги керак”, – дейди Аширгул Токтомамтова.
Етти фарзандидан беш нафари “Сапат” лицейини тамомлаб, дунёнинг нуфузли университетларида тахсил олган ва ҳозирда йирик компанияларда фаолият олиб бораётганини айтган Алфия Умарахунова ҳам Ўрхан Инанди тўрт кундан бери дараги чиқмаётганидан хафа.
“Ўрханнинг йўқолишидан уч кун ўтган бўлса ҳам хавфсизлик хизматлари аниқ бир маълумот бермаганидан хафаман. Расмийларимиз Ўрханбейни тезроқ топишга ҳаракат қилишса дейман. Келажагимиз, умидимизни сўндирманг”.
У “Сапат” лицейи билан фархланишини, агар фарзандлари мазкур лицейда ўқимаганда, ҳозирги юқтуқларга эриша олмаслиги мумкинлигини айтади.
“Себат” лицейининг илк битирувчиларидан бири, 41 ёшли Абдиталип Тулекеев ҳам ҳозирда уч фарзандини айни лицейда ўқитаяпти.
“Мен лицейни берган билим даражаси ва тарбиясини ўзим кўрганим, шу ерда таҳсил олганим учун болаларимни ҳам иккиланмасдан шу ерда ўқитаяпман. Бу даргоҳнинг билим даражаси, сифати, тарбияси, ватанга бўлган муҳаббат ва инсоний хислатларни ўргатиши бизга ёқади. Лицейни тамомлаган барча ёшлар юқори даражадаги лавозимларда ишлаб, одамларга ижобий тарафлама ибрат бўлишмоқда”, – дейди суҳбатдош.
Гулен мактаблари

Сурат тагсўзи,Тожикистонда ҳукумат ихтиёрига олган мактаблардан бири

2016 йили Туркиядаги муваффақиятсиз давлат тўнтаришга уриниш воқеаси ортидан ўн минглаб одамлар ҳибсга олинган ва ишдан бўшатилган.
Улар Фатҳуллоҳ Гулен билан алоқада бўлганликда айбланган.
Таъқиблар фақат Туркия ичкарисида чегараланиб қолмаган.
Туркиянинг турли давлатлардаги элчихоналари Гулен ҳаракатининг бир қисми, деб айблаётган мактабларни ёпишга ҳаракат қилиб келади.
Маълумотларга кўра, бундай мактаблар Қирғизистондан бошлаб, Голландия ва Индонезияга қадар жами ўн етти мамлакатда мавжуд.
Ўша пайтда бу мактаблар Туркияда нуфузли ҳисобланган.
Кейинчалик Гулен мактаблари мамлакат хавфсизлигига таҳдид сифатида қарала бошланган.
Анқара вақти-вақти билан Қирғизистон расмийларига “Сапат” ўқув муассасалари масаласини хал этиш бўйича мурожаат қилиб келади.
2018 йилда Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган Турк тилли давлатлар ташкилотининг VI саммитида Президент Эрдўған ФЕТО ҳаракати масаласини кўтариб, аъзо давлатларни қатъий туришга чақирган.
Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Сооронбай Жээнбеков бунга жавобан Қирғизистондаги “Сапат” деб номланган таълим муассасалари давлат томонидан назорат қилинишини айтган.
Аввалроқ ҳам Туркия расмийлари бу борада Қирғизистонга мурожаат қилган.
Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев Туркиянинг баёнотини мамлакат ички ишларига аралашиш, деб рад этганди.
2017 йилда “Себат” мактаблари “Сапат”, деб ўзгартирилиб, унга ҳукумат қисман эгалик қила бошлаган.
2018 йилда Президент Эрдўғаннинг Бишкекка ташрифидан сўнг Қирғизистондаги Гулен ҳаракатининг 130 аъзоси рўйхати тақдим этилгани ҳақида Туркия ахборот воситаларида хабарлар тарқаган. Қирғизистон расмийлари бу борада изоҳ беришмаган.
Шу йил март ойида Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлининг Бишкекка ташрифи чоғида Туркия томони яна қирғиз расмийларига бу масалани эслатган.
Гулен ҳаракати

Сурат тагсўзи,Фатҳуллоҳ Гулен

2016 йил ёзида Туркияда ҳарбий тўнтаришга уриниш натижасида 249 киши ҳалок бўлиб, 2000га яқин одам жароҳат олган.
Президент Эрдўған бунинг ортида таниқли уламо Фатҳуллоҳ Гуленни айблайди.
АҚШда яшовчи уламо Фатҳуллоҳ Гулен воқеаларга алоқадорлигини қатъиян рад этади ва давлат тўнтаришига уринаётганларни очиқчасига танқид қилади.
Аммо Туркия Фатҳуллоҳ Гуленни экстрадиция қилишни талаб қилмоқда.
Давлат тўнтаришига уринишдан сўнг, Туркия ҳукумати кенг миқёсли тозалаш ишларини олиб борган ва айни жараён шу кунгача давом этмоқда.
Мутахасисслар Туркия расмийлари Гулен деб номланган ҳаракат аъзоларини таъқиб қилинганини таъкидлайдилар.
Гулен ҳаракати – бу Фатҳуллоҳ Гулен шарафига номланган, пухта ташкил этилган жамоа (сиёсий партия эмас). Унинг издошлари Гуленни маънавий етакчи, деб билишади.
Унинг фаолиятидаги кенг танилган жиҳатлардан бири – нафақат мусулмон мамлакатларида, балки бутун дунёда хусусий мактабларни ташкил этиш ва бошқариш эди.
2016 йил май ойида Туркия ҳукумати Гулен ҳаракатини расман “террористик ташкилот” деб эълон қилган.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: