Қашқадарёда ИИБ ходимлари томонидан фуқаро ўлдириб қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга вилоят ИИБ муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда ИИБ ходимлари томонидан фуқаро ўлдириб қўйилгани ҳақида видео тарқалди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати мазкур видео юзасидан муносабат билдирди.

Видеода Нишон тумани «Каптарли» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи шахс жорий йил 25 июль куни акаси уч нафар ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилгани ва эртаси куни 26 июлда унинг ўлигини беришганини маълум қилган. Шунингдек, видеода марҳумнинг танасида, орқа томонда белнинг юқори қисмида кўкарган жойлар ҳам кўрсатилган.

Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати берган муносабатда ёзилишича, ижтимоий тармоқларда «Участковой фуқарони қийнаб ўлдирди, Қашқадарёда ваҳшийларча қотиллик» сарлавҳаси билан видео тарқалган. Ҳозирда ҳолат вилоят ИИБ масъул ходимлари ва Қарши туман прокуратураси томонидан ўрганилмоқда. Ҳолат юзасидан ўрганиш якунлангандан сўнг қўшимча ахборот берилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 10 июль куни Сурхондарё вилояти Денов туманида профилактика инспекторининг ёрдамчилари томонидан калтакланган фуқаро вафот этган. 28 июль куни марҳумнинг хотини томонидан йўлланган видеомурожаат ижтимоий тармоқларда тарқалгач, ҳолат прокуратура томонидан назоратга олиниб, икки нафар шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг январь ойида Қашқадарё вилоятида бир нафар, май ойида Андижон вилоятида бир нафар фуқаро ИИБ ходимлари томонидан қийнаб ўлдирилганди. Кейинчалик ҳар икки ҳолатда ҳам суд томонидан айбдор ИИБ ходимларига тегишли жазолар берилган ва улар узоқ муддатли қамоқ жазосини олган.

Қашқадарё вилоятида юз берган ҳодиса юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов «ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас»лигини айтганди.

 

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: