Озарбайжон ва Арманистон асирларни қайтармоқда.

Қорабоғ масаласида

10 ноябрь куни Кремль сайтида Озарбойжон, Арманистон ва Россия томонидан имзоланган тинчлик битими матни эълон қилинди. Асосий гаплар қуйидагича:

— Озар ва арман армияси Қорабоғда ўт очишни батамом тўхтатади. Эгаллаб турган позициясидан силжимайди. Оташкесни махсус тинчликпарвар кучлар назоратга олади.

— Томонлар асирга олинган ва душман аскар мурдаларини ўзаро алмашади.

— Россиянинг тинчликпарвар кучлари беш йил муддатга Қорабоғга киради, томонлар розилиги билан муддат яна чўзилади.

— Шуша шаҳри Озарбойжон назоратида қолади.

— Арманистон Бокуга яна уч шаҳарни қайтаради. Булар Ағдам, Келбажар ва Лочин. Арманлар қўлида эса Хонкелди (Степанакерт – Қорабоғ маркази), Оқдара (Мардакерт), Хўжаванд (Мартуни) ва озар армияси томонидан қўлга олинмаган собиқ Қорабоғ автоном область ҳудудининг бир қисми қолади.

— Лочин шаҳрида Арманистон ва Қорабоғни боғлаб турувчи 5 км йўлак қолдирилади. Йўлак рус армияси томонидан қўриқланади.

— Арманистон Озарбойжоннинг Нахчивон автоном республикаси билан хавфсиз алоқа қилишини кафолатлайди. Бу ердаги йўлакни ҳам руслар қўриқлайди.

— Ички миграция, қочоқларнинг қайтиши ва аҳолининг кўчиши масаласи БМТ махсус комиссияси назоратига олинади.

Русларнинг 1960 нафар аскари, 90 БТР ва 370та автомобиль ҳамда махсус техника воситалари аллақачон Қорабоғга жўнатилган. Алиев бу ерга турк армияси ҳам жойлаштирилиши ҳақида айтганди, аммо расмий битимда бу ҳақда гап йўқ. Қорабоғда ташкил этилган ва тан олинмаган Арцах давлатининг мақоми ҳақида ҳам битимда сўз юритилмаган. Демак, БМТ хавфсизлик кенгаши қарори ўз кучида қолаверади.

Унга кўра, Қорабоғ ҳудуди Озарбойжонга тегишли ва Арманистон у ердан армиясини олиб чиқиши зарур. Битим узоқ муддатли истиқболда Қорабоғ кимники бўлишини ҳал қилмаган.

Битимни эътибор билан ўргансак, урушда Озарбойжон 25 йил аввал йўқотган ҳудудларига қўшиб, Шушани ҳам назоратига олганини англаймиз. Бу эса исталган пайтда Қорабоғ марказини эгаллаб олиш имкониятини беради. Русларнинг беш йиллик мандати эса арманлар учун Қорабоғни тарк этиб, бошқа ҳудудга тинч йўл билан кўчиб олиши учун бир муддат каби қаралиши мумкин. Шунинг учун, рус армияси йўлакларни назорат қиляпти.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: