“Омикрон” тезлик билан кўплаб давлатларга кириб бормоқда

Бир кун ичида ушбу штамм Испания, Австрия, Японияга ҳамда Франциянинг хорижий ҳудуди бўлган Реюньон оролига етиб борган.

«Омикрон» билан касалланиш ҳолатлари аввалроқ Австралия, Бельгия, Ботсвана, Канада, Чехия, Дания, Германия, Гонконг, Исроил, Италия, Нидерландия, Португалия, Жанубий Африка, Швеция, Буюк Британияда аниқланган эди.

Коронавируснинг кўп сонли мутацияга эга янги «омикрон» (B.1.1.529) штамми биринчи марта ноябрь ойида Жанубий Африкада топилганди.

Жаҳон  соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, B.1.1.529 вируси организмдаги протеин таркибига таъсир кўрсатиши мумкин.

Амалдаги вакциналар эса бу каби ўзгаришларга етарлича самарадор бўлмаслиги айтилмоқда. Шунингдек, ЖССТда мавжуд дастлабки маълумотларга кўра, илгари коронавирусни бошдан ўтказган кишиларда «омикрон» билан қайта касалланиш хавфи юқори бўлиши мумкин.

Маълумот учун, Осиё мамлакатларидан Қозоғистон «омикрон» штамми сабаб 3 декабрдан Африканинг бир нечта мамлакати ва Гонконгдан келадиган фуқароларнинг мамлакатга киришини чекламоқда. Исроил ушбу штаммнинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида дунёда биринчи бўлиб чет эл фуқаролари учун ўз чегараларини ёпиб қўйган эди.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: