«Олий маданият»га эргашманг!

Бундан икки-уч йил муқаддам рамазон ойида шеригим билан айрим ишлар билан овора бўлганча шаҳар кезиб, оғиз очиладиган вақтга қадар уйга ета олмаслигимизга кўзимиз етгач, пойтахтимизнинг «Фарҳод» деҳқон бозорида тўхтадик. Расталарни айланиб, ширин-шакар мева-чевалардан харид қилдик-да, ифторлик қилиш ниятида кўчанинг нариги юзидаги ошхона томон йўл олдик.

Овқатланиб ўтирган беш-олти кишини ҳисобга олмаганда, ошхона деярли бўм-бўш. Тепага таранг тортилган резина ичаклардан пуркалаётган сув атрофга иссиқдан силласи қуриб, толиқиб кирган кишига ором бағишлаганча, чангиб тушмоқда. Хизмат кўрсатувчи йигит-қизлар олдиндан олинган буюртмаларга мос равишда тўрт ўринлик якка столларни, қайсидир қаторда иккита, қайсидир қаторда эса учта столни бирлаштириб, дастурхон тузашмоқда.

Биз чекка қаторнинг нариги бошидаги столлардан бирини танлаб, жойлашдик. Бир стол нарида эгнига дуруст кийим кийган бир жуфт европалик ўзини сипо тутиб ўтирибди. Қизлардан бири дарҳол етиб келиб, биз билан одоб-ла салом-алик қилгач, таомга буюртмамизни олди-да, пакетлардан стол устига чиқарилаётган мевани кўргач, ювиб бериши мумкинлигини айтиб, хурсанд қилди.

Ошхонага кириб келаётган одам сони аста-секин кўпайиб, ўн-ўн беш дақиқа ичида бўш жой деярли қолмади. Бизга хизмат кўрсатаётган қиз муздай мева шарбати, газсиз сув, ювилган мева, нон ва шу кабиларни келтирди. Оғиз очадиган вақтгача бекор ўтирмаслик учун салфетка билан стакан артишга киришар эканман, атрофга назар солдим.

Одам кўпайиб бораётганига қарамай, ошхонада жимжитлик ҳукм сурмоқда. Юзини табассум яшнатган одамлар паст овозда, чиройли суҳбат қуриб ўтиришибди. Айримлари мен сингари пиёла ёки қошиқ-вилка артиш билан банд. Бир сўз билан айтганда, манзара жуда чиройли – одамлар миллий-диний маданиятимизнинг бир қисми бўлмиш ифторлик вақтини кутиб, энг гўзал хулқи, ижтимоий одобини намоён қилганча, чиройли суҳбат қуриб ўтиришибди.

Фақат…

Боя кўринмаган, энди қаердандир пайдо бўлиб, дастурхонида ғўдайиб турган арақнинг нутққа кўрсатган салбий таъсири туфайли бўлса керак, биздан бир стол нарида ўтирган анави «олий маданият» вакиллари тобора қизишиб, эҳтиросли суҳбати давомида эркагининг ҳам, аёлининг ҳам оғзидан боди кириб, шоди чиқа бошлади. Беҳаё иборалар янграр экан, шеригим ўтирган жойида бир сапчиб тушиб, анавиларга таажжуб-ла қараб-қараб қўймоқда.

Кўп йиллик хизматим давомида ўзини «олий маданият» соҳиби деб ҳисоблайдиганларнинг бундай хулқи ўз миллий табиатларига хос эканлигига ишонч ҳосил қилганимни, ўхшаш ҳолатларга ҳеч ҳам ажабланиш керак эмаслигини айтиб, шеригимни бироз тинчлантирган бўлдим. Анави арақхўрлардан узоқроқ бўлиш учун бизга хизмат кўрсатаётган қиздан столимизни сал нарироққа кўчириб ўтказишга рухсат сўрадим.

Дарҳақиқат, тўй, туғилган кун ёки марҳумни хотирлаш зиёфати (поминки) каби тадбирларга уларнинг кўпчилиги башанг кийиниб келиб, дастлаб ўзини гўё беназир маданият соҳиби сифатида ниҳоятда сипо тутиб ўтиради. Бироқ бундай сиполик узоқ борса, ярим соат чўзилади. Арақнинг организмга кўрсатадиган таъсири кучайган сари беҳаё сўзлар баланд янграб қолади, тадбир охирида эса эгнидаги башанг кийими-ю, башараси ҳар хил овқат қолдиқлари ёки тортга бирдай беланиб, бировнинг уйидан деярли тўрт оёқлаб чиқиб кетишади.

Ажабланарли ери шундаки, эртаси куни тадбир иштирокчилари ўзининг кечаги ҳолати, қилган қилмишини элас-элас хотирлаб, ҳамтовоқларига сал кам ғурур-ла сўзлаб беришади. Буларнинг бари маънан соғлом кишини ундай хулқ-атвордан жирканишга мажбур қилади, албатта. Ачинарлиси, ўзимизнинг ўзбекларимиз орасида ҳам араққа берилиб, оиласининг ризқидан қийиб маст-аласт юрадиганлар, кеча нечта арақ ичгани билан мақтанадиганлар талайгина. Айниқса, айрим қишлоқларда тўйларнинг арақсиз ўтмаслиги, “шайтон суви”ни ичган йигитларнинг муштлашиб бир-бирини майиб, ҳатто нобуд қилиши оддий воқеага айланган. Ҳатто аёлларнинг ҳам гап-гаштак қилиб ҳаром ичимлик ичиб ўтиришларини қандай изоҳлаш мумкин?!

Ўзга дин вакилларини-ку, қўяверинг, “мусулмонман” дейдиган одамларнинг шайтонлар жиловланадиган ой – муборак рамазонда арақ ичганига нима дейсиз? Балки бу ҳолат водийда учрамас, бироқ Тошкентдан узоқлашган сари жаҳолат, ғафлат ҳам кучайиб бораверади. Бир дўстимиз: “неча йиллар олдин Хоразмда рамазон ойида арақ ичиб ўтирган оқсоқол чолларни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлаганман, Исломнинг қуввати бўлган Бухоройи шарифда рамазонда куппа-кундузи тўй қилганларига гувоҳ бўлганман”, деган эди.

Ўзимизнинг ўта чиройли миллий-диний маданиятимиз, ўзлигимиз, ўзбеклигимиздан, ўзаро меҳр-оқибатимиздан қолмайлик, ардоқлаб, асраб-авайлайлик, гўзал ижтимоий одобларимизни миллат ёшларига, халқимизнинг келажак авлодига ўргатиб, айримлар каби бизга ёт саналган «олий маданият»га эргашиб, ўзлигимизни йўқотмайлик.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: