Октябр тўнтариши: асли аза бўлган “байрам…”

Ноябрнинг еттинчи куни – тақвимнинг қизил куни”, ярим аср олдин пионерлар ва комсомоллар баланд овоз билан ўқиган бу мисралар Октябр инқилоби ёки тўнтаришига аталган эди. Ўша пайтда Октябр инқилоби куни соиқ Иттифоқнинг энг катта давлат байрами деб ҳисобланар, унинг шарафига намойишлар уюштирилар, мадҳ этиб шеърлар ёзилар, қўшиқлар айтилар эди.

Бугунги кунда кўп воқеалар, шу жумладан Октябр тўнтаришига ҳам одамлар бошқача сиёсий баҳо берадилар. Сўнгги ўн йилликлар давомида архивлар очилди, махфийлик ёрлиғи кўплаб ҳужжатлардан олиб ташланди, ҳақиқатга мос китоблар ва филмлар нашр этилди. Ҳақиқатни излаётган одамлар учун яна бир нарса аниқ бўлди: 1917 йил 7 ноябрдаги инқилобий тўнтариш халқларга шу қадар улкан қайғу, шунча мусибат ва фалокатларни келтирдики, уни ҳақли равишда “тақвимнинг қора куни” деб аташ мумкин.

Бундан 103 йил олдин, инсоният тарихидаги энг машъум, миллионлаб инсонларнинг қурбон бўлиши, Жаҳон уруши бошланишига сабабчи бўлган ёвузлик империясининг пайдо бўлишига олиб келган воқеа содир бўлган эди. Бу 1917 йилги октябрь инқилоби номи билан тарихда қолди.

Коммунистлар Октябр инқилоби халқларга озодлик, ҳурлик олиб келган деб иддао қилган. Ростдан ҳам шундай бўлганми?

Энг аввало, Ленин ваъда қилган “Ер деҳқонларга, завод ва фабрикалар ишчиларга” деган шиори унинг бошқа сўзлари каби ёлғондан бошқа нарса эмаслиги аён бўлди. Большевиклар сал ўзини тутиб олгандан сўнг деҳқонларга ер беришнинг ўрнига уларнинг қўлидаги ер-сув, от ва қорамоллар, мол-мулкларини тортиб ола бошлади. Бу ҳам етмагандай мол-мулкидан ажраган бечораларни “қулоқ” қилиб Сибирнинг одам оёғи етмас жойларига сургун қила бошлади.

Асли динсизлик устига қурилган большевиклар идеологияси аввал бошданоқ динга қарши бўлишга, уни йўқ қилишга, диндорларни ўлдириш ва сургун қилишга ҳаракат қилди.

Император оиласининг обрўси халқ орасида тушиб бўлган. Бунга қироличанинг Распутин билан бўлган ишқий можаролари ҳам сабаб бўлган. Умуман рус подшолари ва уларнинг оиласи ҳеч қачон юксак ахлоқ эгаси бўлиб, тобеларига намуна бўлмаган. Императорнинг ўзига ҳам ҳар хил танбеҳлар берилган. Подшо оиласининг илгаригидек обрўга эга бўлмагани, тарафдорларининг камайиб кетгани ҳам балки, феврал инқилобига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Февралдан октябргача давом этган бошбошдоқлик сиёсати, қўшҳокимиятчилик империяни янада заифлаштирди. Бунинг устига Биринчи Жаҳон уруши авжига чиққан, халқ ҳам, иқтисод ҳам уруш туфайли ҳолдан тойган эди.

Октябр инқилобининг мақсадлари эзгу ва адолатли сифатида илгари сурилди. Афсуски, инқилоб натижалари шуни кўрсатадики, большевиклар алдовига учган халқ нотўғри йўлдан кетди ва кўп жиҳатдан манипуляция қурбонига айланди.

Инқилоб раҳбарлари ўзларининг қуроллари сифатида жангари атеизмни танлади. Руҳонийлар, уларнинг оила аъзолари ва оддий диндорлар ҳибсга олинган ва отиб ташланган.

Рус матбуоти Октябрь инқилобига бўлган салбий муносабатларини ошкора намойиш этган эди. Ҳатто “инқилоб куйчиси” – Максим Горькийнинг «Новая жизнь»да эълон қилинган, «Мамлакат Таъсис мажлиси сари кетаётган бир пайтда, рўй берган исёнга» шафқатсиз баҳо берувчи «Демократияга» деб аталган мурожаатини аксар рўзномалар қайта-қайта босиб чиқариши бунга яққол далил бўла олади. Мана, ўша мурожаат: “Ленин, Троцкий ва уларнинг йўлдошлари ҳокимиятнинг чурук заққуми ила заҳарланиб бўлдилар. Уларнинг сўз эркинлиги, демократия эришган шахс ҳуқуқларига бўлган шармисор муносабати бунга исботдир”.

Халқларнинг ўз-ўзини белгилаш сиёсатини эълон қилган Ленин амалда мустақиллик йўлини танлаган юртларни қонга ботирди.

1917 йил ноябрининг бошида Тошкентда ҳам, бир неча кунлик жанглардан сўнг, ҳокимият ишчи, аскар ва деҳқон Шўролари қўлига ўтади. Подпалов раислигида тузилган янги Туркистон ўлка ижроқўми таркибида бирорта ерли халқ вакили бўлмаган.

Буюк шоиримиз Ҳамза Ҳакимзода ўша даврда ёрқин келажакни орзу қилиб шу мисраларни ёзган эди.

Келди муборак бизга янги бир замон,

Янги давр кечурмак энди филамон,

Ёд этмакка исмимиз тарихи жаҳон,

Қутлуғ бўлсун Туркистон мухторияти!

Яшасун энди бирлашиб Ислом миллати!

Мустақиллик истаб тузилган “Туркистон мухторияти” тарафдорлари Туркистоннинг Россия таркибида бўлса-да озод, ҳур кўришни орзу қилган эдилар. Аммо улар ҳали бошларига улуғ синовлар келишини, миллионлаб мусулмонларнинг қатлиом бўлиши, туғилиб-ўсган жойларидан бадарға бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар.

Октябр тўнтаришидан сўнг пайдо бўлган давлат, амалда рус империясининг давомчиси бўлиб, улкан ҳудудни “халқлар қамоқхонаси”га айлантирди.

Етмиш тўрт йил давом этган истибдод, мустамлака даврида миллатимизнинг равшанфикрлари, уламолари ва обид зотлари қирғин қилинди, динсизлик, Исломга душманлик зўрлаб тиқиштирилди.

Октябрь тўнтариши ва ундан кейинги воқеаларни олимлар тарихдаги энг катта фалокатлар билан бир қаторга қўйишади.

Ёқуб Умар

Azon.uz

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: