Навоий вилоят ҳокими ва прокурорига ҳайфсан берилди. Бир қатор раҳбарлар лавозимидан бўшатилди

Айни пайтда  Президент Шавкат Мирзиёв видео селектор ўтказмоқда. Қашқадарё ва Навоий вилоятларида тадбиркорлик соҳасида олиб борилган ишлардан норози бўлгани хабар қилинган эди. Айни вақтда ўтказилаётган селектор йиғилиши давомида бир қатор мутасадди шахслар лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақда «Xabar.uz» мухбири хабар бермоқда.

Хусусан, Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўткир Бўтаев, солиқ бошқармаси бошлиғи Азамат Бозоров, Марказий банкнинг Қашқадарё вилоят Бош бошқармаси бошлиғи Ф.Ражабов, Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Одил Ҳасанов, Марказий банкнинг Навоий вилоят Бош бошқармаси бошлиғи Исломбек Саидов ва солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳаммадиевлар лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов ва вилоят прокурори Бахтиёр Аҳмедовга ҳайфсан берилади. Ушбу мутасадди ходимларга қатъий огоҳлантириш берилди ва чорак охирига қадар ўзгариш бўлмаса, ишдан бўшатилиши таъкидланди.

Навоий вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азат Тасбаев ва солиқ раҳбари А.Ботиралиевлар лавозимига жорий йил март ойида тайинланганини инобатга олиб, уларга 3 ой синов муддати берилди.

Селектор йиғилиши давомида Улуғнор, Узун, Ёзёвон ва Деҳқонобод туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, Андижон, Олтинкўл, Олот, Қоракўл, Оқолтин, Чилонзор, Мўйноқ туманлари, Хива ва Чирчиқ шаҳарлари солиқ идоралари бошлиқлари ҳам лавозимидан бўшатилади.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: