Меҳмондорчиликда маъни қолганми?..

Бир куни танишлардан бирининг уйига бир сабаб билан кириб ўтишга тўғри келди. У қўярда-қўймай уйига таклиф қилди. Шошиб турган бўлсам ҳам йўқ деёлмадим. Хафа бўлмасин ва кибрга йўймасин деб кирдим. Чойини ичдим. Қорним тўқ эди. Мажбурлаб битта овқатни едирди. Қорним тўқ дейишимга қарамади. Емасам менсимади деб тушунишини айтиб таҳдид қилди. Хўп, дедим. Едим.

Кейин бир пайт музлаткичдан ҳали уни, ҳали буни олиб келиб, менга зўрлаб едирмоқчи. Тарелкада норин ҳам бор, косада хасип, кетидан кабоб, ундан кейин ош, манти ва ҳоказоларнинг кети узилмаяпти. Тушундимки, кеча нимадир зиёфат бўлган уйларида. Гапми, нимадир хуллас. Ўшанинг супра қоқдиси. У одам менга яхшилик қиламан деб, ёки қайсидир маънода ўзини кўрсатаман деб зулм қилаётганининг фарқида эмасди.

Мен ўша топган-тутган нарсасини еб беришим керак экан. Акс ҳолда менсимаган бўларканман ва у мендан ранжир экан. Ҳар бир таом бир марталик овқатланишга етадиган нарса эди. Шундай мажбурият юкландики, бир инсоннинг икки кунлик емишини ўша ерда ейишим керак бўлди. Бўлмаса, мезбонга ҳурматсизлик бўлар экан. Агар унинг ҳамма айтганини қилсам, соғлиғимга жиддий зарар етказаман. Айтганини қилмасам, майнавозчилик бўлиб кетаётгани, ёш болаларча иш тутаётганини тушунмайдиган.

“Аллоҳ рози бўлсин Сизлардан. Ўтирадиган бўлиб келмагандим. Бирровга келгандим. Таклифингизни рад этмадим. Биринчи овқатни еганимда ҳам қорним тўқ эди ўзи. Лекин, кўнглингизни оғритмаслик учун тановул қилдим. Мазали чиқибди. Раҳмат. Яна катта косада тўла сузилган экан. Қўлинглар дард кўрмасин. Энди, буёғига узр. Мен энди борай. Ортиқ еёлмайман”, десам, мен билан тортишиб ростмана урушиб кетди.

Қараб турсам, яхшиликни зўравонлик билан амалга оширмоқчи. Ўта мантиқсиз, ғалати бир манзара гавдаланди кўз ўнгимда. Зеро, мени иззат қилмоқчи бўлиб кўринган одам хўрлаётган эди.

Яхшиликни яхшилик билан қилиш муҳимлигини яна бир бора англаб етдим ўшанда.

Худди шунга ўхшаб, ўзгалар биз баҳраманд бўлган неъматдан баҳраманд бўлишларини истасак буни гўзал суратда амалга оширишимиз мақсадга мувофиқ.

Ҳақиқатни, иймону ислом неъматини гўзал суратда улашайлик. Мажбурлаб, йўриғимизга юрмаганни ҳақоратлаб, босим ўтказиш билан амалга оширмайлик.

Алишер Султонхўжаев

azon.uz

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: