МАҚТАНЧОҚ АМИРНИНГ КАСОФАТИ

XIX асрнинг ўрталарида подшо Россиясининг олдинига Хива хонлиги, кейин Қўқон хонлиги худудларига қилган харбий харакатлари Ўрта Осиёни Россиянинг таркибий қисмига айлантириш мақсадида амалга оширилган. Истилодан Бухоро амирлиги хам четда қолмаслиги ҳам ҳаммага аён эди. Шундай бўлса-да, Қўқон хонлиги худудлари бирин-кетин босиб олинаётган бир пайтда бирлашиб бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш ўрнига Хива хони ўзини ҳеч нарсадан хабари йўқдек тутган, Бухоро амири Музаффарнинг фаолияти эса Қўқон хонлигининг босқинчиларга қарши олиб борилган харакатга катта зиён келтирган. Ваҳоланки, ўша даврда Туркистон аҳлининг умиди ва ишончи айнан Бухорога боғланган эди. Лекин амир Музаффар (1860-1885) ўзини бу вақтда ниҳоятда ожиз, калтабин хукмдор сифатида кўрсатган ва тузатиб бўлмайдиган хатоликларга йўл қўйган. Хўқандийнинг “Тарихи Жахонномоий” китобида ёзилишича, унинг ўзбилармонлик билан кеча-кундуз айш ишратга берилиб кетган, дўстни душмандан фарқ этмаган. Амир қўшин қудратини ошириш ўрнига заифлаштирадиган чораларни кўрган— амир аскарларга берилаётган маошни 60тийиндан 20 тийинга туширган, урушда милтиқ ва замбарак товушини эшитмаган кишиларни ҳарбий лавозимларга тайинлаган. Амир Музаффар шу даражада эқобилиятсиз ва ожиз бўлганки, рақобатдан қўрқиб ўз атрофига билимдон ва кучли кишиларни эмас, аксинча нопок одамларни тўплаган.

 

Янги истилочилик юришлари генерал фон Кауфман номи билан боғлиқ. Рус қўшинлари 1868 йил апрелида Самарқанд томон йўлга чиқишган. Шу вақтда Самарқанд хокими бўлган Шерали иноқ ўзининг золимлиги билан аҳолининг жонига теккан эди. Шаҳарликлар амирга мурожаат қилиб хокимни алмаштиришни сўрашган. Амир эса ҳокимга ишонч билдирган. Шаҳар оқсоқоллари зулмнинг

кучайганлигидан аччиқланиб русларга мурожаат қилиб, уларни ўз паноҳларига олишни сўрашган. Бу эса Кауфманга қўл келган ва Самарқанд юриши учун баҳона бўлган. Ўша вақтда амирнинг 16,500 сарбози бор эди. Улар Чўпонота тепалигида мудофаада турган эдилар. Тепаликда 40та тўп ўрнатилган эди. 1868 йил 1 майдаги жанг тафсилотлари манбаларда яхши акс эттирилмаган. Чўпонотадаги жангдан сўнг 2 майда Самарқанд жангсиз эгалланган. Айтишларича, Самарқанднинг қўлдан кетганлигини эшитган амир йиғлаб юбориб, “Худо мени Самарқанддан маҳрум қилганидан кўра жонимни олгани яхши эди” деб айтган.

 

Самарқанд эгаллангач, Кауфман сулҳ тузишни таклиф қилган. Унга кўра Самарқанд Россия таркибига кириши керак эди. Мамлакат аҳолисининг душманга қарши курашиш кайфиятини ҳисобга олган амир янгидан куч тўплаб 21,000 кишидан иборат бўлган қўшинни Зирабулоқ тепалигига жойлаштирган. Амир қўшинлари жангда дастлаб устун кела бошлайдилар. Лекин жанг авжга чиққан паллада Усмон тўқсоба қўшини бирдан чекинади ва руслар ғалаба қозонишади. Зирабулоқдаги мағлубият, амирнинг Қизилқумга қочгани Самарқандда кучли акс садо берган. Қарши ва Ғузор хам жунбушга келган. Бу худуддаги ватанпарварлар шаҳзода Абдумалик тўра атрофида тўпланган. Шаҳрисабз ҳокими Ҳакимбий, Китоб ҳокими Жўрабеклар хам ғазотга дават қилиб Абдумалик тўра тарафига ўтишган. Абдумалик тўра Самарқандни қамал қилган, улар қўшинининг миқдори 50,000 киши бўлган.

 

Амир Музаффар қаршилик ва ғузорлик исёнчиларни жазолаш учун бу худудга қўшин тортган. Мақсадига эриша олмагач руслардан ёрдам сўрайди. Генерал Абрамов ёрдамида 28 июнида Қарши эгалланган. Қашқадарё воҳасидан келганлар қамални тўхтатиб чекинганларидан сўнг Кауфман буйруғи билан шахар тўпга тутилган ва ахоли қирғин қилинган. Русларга берилган 400 кишилик талофат учун 49,000 самарқандлик ўлдирилган. Уйлар, масжидлар, мадрасалар куйдирилган ва вайронага

айлантирилган. “Русларни енгсам, оқ отда Петербургга кириб бораман” деб мақтанган амир Музаффар 1868 йил 23 июнда генерал фон Кауфман билан сулҳ тузиб, амирликни Россиянинг вассалига айлантирган. Сулҳга кўра Бухоро ўз мустақиллигини йўқотган. Самарқанд, Каттақўрғон ва Зарафшоннинг юқори қисмидаги ерлардан ажралган. 500,000 рубль товон пули тўлаши белгиланган.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: