Катталар қолиб, энди болалар. Қирғиз-тожик чегарасида оммавий жанжал юз берди

Қирғиз-тожик чегарасида оммавий жанжал оқибатида тўрт нафар мактаб ўқувчиси шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Боткен вилояти раҳбари ўринбосари Маъруфхон Тулаев маълум қилган.

“Бугун тахминан соат 13:00да тўрт қирғиз мактаб ўқувчиси тожик мактаб ўқувчилари томонидан калтакланди. Воқеа чегарадаги Кўк-Тош қишлоғида содир бўлди. 30га яқин тожикистонлик мактаб ўқувчилари уйларига қайтаётган болаларга ҳужум қилган”, дейди Тулаев.

Таъкидланишича, калтакланган мактаб ўқувчилари 13-14 ёшда, улар турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

“Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият хавфсизлик кучлари томонидан назорат қилинмоқда. Қирғизистон ва Тожикистоннинг Ички ишлар бошқармалари бошлиқлари чегарадаги воқеани ҳал қилиш учун музокаралар олиб бормоқда”, дейди у.

Маълумот ўрнида, қирғиз-тожик давлат чегарасида вақти-вақти билан тортишув ва можаролар бўлиб туради. Улар оғзика тортишувлардан қуролли тўқнашувларгача бориб етган ҳолатлар бўлган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Тожикистон билан умумий чегара 972 км, шундан 519 км келишилган, 375 км эса баҳсли ҳисобланади.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: