Эрдўған Францияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни бойкот қилишни қўллаб-қувватлади

26 октябрь куни Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдўған ўз ватандошларини Францияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиб олишни тўхтатишга чақирди. Бу Францияда Муҳаммад (соллоллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбарнинг расми намойиш қилинганига мусулмон дунёсининг кўрсатган қаршиликларидан бири бўлди. Чунки, исломда пайғамбар расмини чизиш ва уни намойиш қилиш жуда қаттиқ қораланган иш ҳисобланади.

Эрдўған ўзининг нутқида Франция исломга қарши ишларни олиб бораётганлигини таъкидлаган.

“Мен ўзимнинг барча фуқароларимдан Франция брендларига ҳеч қачон ёрдам бермаслик ва уларни сотиб олмасликни сўрайман” деган Эрдўған.

Туркияда француз автокомпанияларининг машиналари энг кўп сотиладиган брендлар қаторида туради. Ўтган йили Туркия ва Франция ўртасидаги савдо ҳажми 15 миллиард АҚШ доллардан ошиб кетганди.

Бундан аввал бир қатор араб давлатларида ҳам Франциядан келган товарларни бойкот қилиш бошланганди. Масалан, Қувайтдаги супермаркетлардан бири Франциянинг L’Oreal компанияси ишлаб чиқарган маҳсулотларни пештахтадан олиб ташлашга қарор қилди.

Саудияда ҳам французларнинг бу қилмишларидан ғазабланган мусулмонлар Франциянинг “Carrefour ” номли супермаркетлар тармоғининг маҳсулотларини сотиб олмаслик бўйича чақирувлар авж олди.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: