Қиз ўғирлаш мумкинми?

Жорий йилнинг 13 октябрь куни  30 ёшли эркак икки таниши билан олдиндан тил бириктириб, 24 ёшли аёлни унинг эркига хилоф равишда ўғирлаб кетган. Улар жабрланувчини “Nexia” русумли автомашинасига миндириб, Қонликўл туманида жойлашган уйига олиб борган.

Ҳолат юзасидан аёл туман ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилган. Ҳодиса жойига тергов-тезкор гуруҳи ходимлари чиқиб кўздан кечириш ва бошқа терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказишган. Мазкур ҳолат юзасидан Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бу каби ноқонуний, ношаръий ишлар айрим ҳоллларда учраб турибди. Баъзан милицияга хабар берилиб жиноячилар жазо олишса, кўпинча уят-андиша сабаб “ёпди-ёпди” бўлиб кетади. Бу одат илагри кўчманчи бўлган халқлар орасида пайдо бўлган. Аёллар ўша пайтда қабилалараро ёки уруш даврида “товар” сифатида айирбошлаш учун фойдаланилган. Ҳозир ҳам айрим давлатларда бунга беэътибор қаралади ва бундай ўғирлашлар учун жазо чоралари қўлланилмайди.

Динимиз бунга нима дейди?

Аввало шуни айтиш лозимки, Ислом динида никоҳ икки томоннинг розилиги асосида, гувоҳлар бўлгандагина ҳақиқий ҳисобланади. “Қиз ўғирлаш” каби ҳолатларни динимиз қоралайди ва йўл ҳам бермайди. Умуман инсоннинг эркига тажовуз қилиш – оғир жиноятдир. Бу жиноят учун эса, охиратда ҳам азобланиш бор.

Бундай ярамас, ғайриисломий одатларга барчамиз баравар қарши туришимиз, вақтида уларнинг олдини олишимиз лозим.

azon.uz

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: