Таҳлил: Эрон Тоғли Қорабоғ масаласида ғалати вазиятга тушиб қолди

Эрон учун кавказча «ЦУГЦВАНГ» 

Қорабоғ можаросининг кескинлашувидан сўнг Теҳрон шахматдаги “цугцванг” юришини эслатадиган ғайритабиий вазиятга тушиб қолди. Zug  (“ҳаракат”) ва zwang (“мажбурий”) деган иккита немис сўзидан ташкил топган бу атама “ҳаракатланишга мажбур қилиш” деган маънони англатади.

Яъни ўйинчи мавқеи ёмонлашишига қарамай, ҳаракатларни мажбурий амалга оширади. Шундай қилиб, Эрон ўзи учун нохуш қадамларни ташлаш мажбурияти остида қолди, гарчи ҳамма нарсани борича қолдириш Эрон учун айни муддао эди.

Бундай вазият фақат Кавказ билан чегараланмайди. Шунингдек, у Эроннинг таъсир доираси ҳисобланган бошқа соҳаларга ҳам тегишли. Эҳтимол, Ислом Инқилоби ғалабаси ва Ислом Республикаси эълон қилинганидан кейин Эрон дунё шахмат тахтасида биринчи марта шундай ноқулай аҳволга тушиб қолди…

*

Қорабоғда қуролли тўқнашувлар бошланиши билан Кавказдаги бир қатор дунё ва минтақавий ўйинчиларнинг манфаатлари тўқнашуви кўлами аниқ бўлди. Ушбу минтақа AҚШ, Россия, Европа (хусусан, Франция), Туркия, Эрон ва ҳатто Исроилнинг экспансионистик лойиҳалари рақобати шароитида ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Бу ерда ҳам миллий, ҳам этник-конфессионал омиллар бир-бирига боғланиб кетган, бу эса деярли барча ўйинчилар учун вазиятни мураккаблаштиради.

Теҳрон учун Қорабоғ можароси энг чалкаш масалалардан бири. Унинг воситачилик ролини низолашаётган томонларнинг қабул қилиши катта сўроқ остида, чунки кураш аллақачон глобал кучларнинг манфаатларига таъсир кўрсатиб, минтақавий чегарадан чиқиб кетган. Бундан ташқари, ушбу инқироз жуда ноўрин вақтда пайдо бўлди, чунки ҳозирда Эрон сиёсий элитаси бир вақтнинг ўзида бир нечта тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилмоқдалар. 

Буларнинг барчаси Теҳронни қийин танлов юки остида қолдирди. Бир томондан, бир неча ўн йиллар давомида ривожланиб келаётган стратегик муносабатларни сақлаб қолиш учун у Ереванни қўллаб-қувватлашини эълон қилиш керак: Aрманистон AҚШ санкцияларига қарамай Эронликларнинг дунё билан савдо-иқтисодий алоқаларни олиб борадиган йўлаги ролини ўйнайди. Бундан ташқари, Эроннинг Ереванни қувватлаши Москва билан ҳамкорлигига ижобий таъсир кўрсатади, шунингдек, бундай позиция европаликлар, айниқса Париж билан муаммоларни ҳал қилиш учун қўл келади. Ниҳоят, у Эроннинг стратегик ва иқтисодий манфаатларига жиддий таъсир кўрсатадиган Туркия ва туркий  кенгайиш билан боғлиқ хавотирларининг олдини олишда қўл келади.

*

Бироқ ушбу сценарий мамлакат ичкарисида “портлаш” вужудга келиши учун имконият яратади, чунки бу Эрон раҳбарияти, сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий куч тузилмасининг бир қисми бўлган мамлакатдаги иккинчи энг катта этник гуруҳ озарбайжонларнинг миллий ҳиссиётлари га зид келади… Мазкур ҳодисалар, қарангки, расмий Эрон ички вазиятни назорат қилишга ва провокациялардан қочишга интилаётган бир вазиятда юз беради. 

Теҳрон мазкур низодан юзага келадиган қийинчиликларни тўлиқ англаб етган. Қуролли кучлар ва хавфсизлик хизматлари, шу жумладан “Эрон Озарбайжонида” жойлаштирилган Ислом инқилоби Гвардияси корпуси кучлари сафарбарлик ҳолатига келтирилганлигига қарамай, Туркиянинг Боку томонига тўғридан-тўғри ва очиқ аралашуви эҳтимоли Теҳронни эҳтиёткорлик билан, ҳар қандай қадамни ўйлаб ташлашга, ҳатто баёнотларга ўта эҳтиёткорлик билан ёндашишга ундамоқда. Чунки Aнқара билан зиддият янада катта ички босимга олиб келиши ва бу ҳақиқий хавф туғдириши мумкин.

Эрон озарбайжонларининг ўз биродарларини қўллаб-қувватлашга чақириши кўча тўқнашувларига айланиб кетиш хавфини туғдирмоқда. Аввалги норозилик намойишларидан хулоса чиқарган Теҳрон, албатта, буни хоҳламайди. Бу эса мамлакат раҳбариятини Озарбайжон миллатига фуқароларини қисман тинчлантиришга мажбур бўлди ва Оятуллоҳ Ҳуманийнинг Ғарбий ва Шарқий Озарбайжон, Aрдабил ва Занжанда, аксарияти озарбайжонликлар бўлган вилоятларда баёнот берди. Баёнот, “Бокунинг Қорабоғ ерларини қайтариш бўйича ҳаракатлари халқаро қонунлар ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қарорига мос келади” деган мазмунда янгради.

Бироқ Теҳроннинг йиллар давомида Ереванни қўллаб-қувватлаб, вазиятни ушбу “цугцванг” ҳолатигача олиб келиб қўйганлиги расмийларни ўз сиёсатининг тўғрилиги ҳақида ўйлашга мажбур қилиши керак эди, чунки Қорабоғдаги можаро доимо “муз” ҳолатида қолиши мумкин эмас ва қачондир “тепки босилиши” керак эди.

Ҳамид Содиқ,

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: