«Халқ банки» ва «Микрокредитбанк» бошқаруви собиқ раиси жиноятлари ҳақида

Бош прокурорнинг маълум қилишича, ўтган икки йил мобайнида банкларнинг 166 нафар мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.

Масалан, «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк»да бошқарув раиси лавозимларида ишлаб келган Э. ўз мансабидан фойдаланиб, қатор коррупциявий жиноятларга қўл урган.

Хусусан, муқаддам қатор жиноятларни содир этиб, АҚШда яшириниб юрган Х. билан тил бириктириб, Сирдарё вилоятида 4 та сохта фирма ташкил қилган. Бу фирмаларни амалда бошқариш учун 18 нафар шахслардан иборат уюшган гуруҳ фаолиятини йўлга қўйишган. Уюшган гуруҳ 2019 йил сўнгги 9 ойида қарийб 732 миллиард сўмни қонунга хилоф тарзда нақдлаштириб, 7 миллиард сўмга яқин бюджет маблағини талон-торож қилган. 215 миллиард сўм турли пластик карталарга молиявий ёрдам кўринишида ўтказилиб, 22,5 миллион доллар нақд пулга айлантирилиб, хорижга олиб чиқиб кетилган. Уюшган гуруҳ раҳнамолик қилган фирмалар 101 миллиард сўм солиқ тўловларидан ҳам бўйин товлаган.

Бундан ташқари, Э. «Халқ банки» бошқаруви раиси лавозимига тайинлангач, банк биноси қурилишини олиб бораётган пудратчиларни ўзига таниш пудратчиларга алмаштириб, объект қурилишида 5,5 миллиард сўмлик банк маблағини талон-торож қилган.

У «Микрокредитбанк»ка раҳбар этиб тайинланганда ўз раҳнамолигидаги фирмалар орқали биргина хизмат кабинети учун 100 миллион сўмлик мебель жиҳозларини 273 миллион сўмга, банкнинг Сирдарё филиали учун 700 миллион сўмлик бинони 4 миллиард 700 миллион сўмга сотиб олиб, маблағларни ўмарган.

Айни пайтда Э. ва унинг жиноий шериклари қамоққа олиниб, суд олдида жавоб бермоқда.

davletov.uz

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: