Гўшт экспортининг йўлга қўйилиши Ўзбекистонда гўшт нархи қимматлашишига олиб келадими?

Тошкент шаҳрида 10 апрель, шанба куни Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида қўмита раиси Баҳром Шарипов гўшт экспорти аҳоли орасида гўшт нархига таъсир қилиши ҳақидаги гапларга аниқлик киритди. Бу ҳақда анжуманда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Мутасаддининг таъкидлашича, Ўзбекистонда жами ҳисобда 22 миллионта қўй бор. Шулардан 6 миллион 200 мингтаси қўмитага аъзо корхоналарга тегишли ҳисобланади.

«Мисол тариқасида, 50 мингта қўй сотсак, 100 мингта қўй хориждан олиб келинади. Демак, биз валюта қимматлашишига ёки қўй гўшти дефицитига (танқислигига) эмас, қўй гўштининг кўпайишига сабаб бўламиз. 100 мингта олиб келиб, 50 мингтасини сотсак, шу 50 мингтанинг пулини олмаймиз, яна 75 мингта қўй олиб келамиз, шунинг ҳисобига 100 мингта қўй 3 ойда 125 мингтага кўпаяди», — деди Баҳром Шарипов.

«Гўшт экспорти йўлга қўйилса, тери экспорти ҳам ўз-ўзидан ишга тушади. Бироқ қўмитамиз бор қўйлар сони бўйича 25 фоизни ташкил қилади. Лекин бизга тегишли 47 та кластер 47 та туманда 1 тадан шифохона, 2 тадан боғча, 4 тадан мактабни 15 минг кам миқдордаги маблағда арзон таъминласа, мақсадимизга етамиз», — дея таъкидлади раис.

У шунингдек, Ўзбекистонда гўшт экспортини йўлга қўйиш гўшт нархининг қимматлашишига сабаб бўлмаслигини айтди. Иқтисодчи сифатида Президент ва тегишли ерларга таклифлари ўринлилигини етказа олганини, келажакда гўшт экпорти йўлга қўйилишини ҳам маълум қилди.

«Биз ислоҳотлар босқичидамиз, давлат иқтисодига, халққа фойдали ишларни йўлга қўямиз. Янги иш ўринлари яратамиз ва бу йўлимиздан қайтмаймиз», — дея сўзини якунлади мутасадди.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: