Дунёдаги вазият: Саробга айланаётган жамоавий иммунитет, Шинжонда касаллик авж олиши, Европада янги чекловлар ва янги намойишлар

Хитой яна бир шаҳар аҳолисини тўлиқ тест қилади, итальянлар вирусдан кўра банкротликдан қўрқишмоқда, Оқ уй эпидемияни назорат қилишга уринишни маъносиз ҳаракат деб ҳисобламоқда.

Фото: AP/ТАСС

ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги кунларда энг кўп касалланиш ҳолатлари Европа мамлакатларида кузатилмоқда. Шу билан бирга, АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилия касалланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари сони бўйича етакчиликни давом эттирмоқда.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 43,1 миллиондан ошган, 1,1 миллиондан ортиқ киши вафот этган.

Янги чекловлар ва янги намойишлар
Италия ва Испанияда одамлар коронавирус касаллиги туфайли жорий этилган янги чекловларга қарши норозилик намойишларига чиқишмоқда.

Италияда бугундан барлар ва ресторанлар фақат соат 18:00гача ишлаши мумкин. Спортзаллар, бассейнлар, театрлар ва кинотеатрлар 24 ноябрга қадар ёпиқ туради, ҳукумат бу муддатни узайтириши ҳам мумкин. Ушбу мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари 20 мингдан ошган, ҳукумат итальянлардан янги чеклов чораларини тўғри тушунишни сўрамоқда.

Аммо Неаполда кичик ва ўрта бизнес вакиллари ҳукуматдан компенсация талаб қилиб норозилик акцияларига чиқишди. Душанба куни Милан ва Туринда ҳам шундай намойишлар бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Якшанба куни кечқурун Испанияда умуммилий комендантлик соати кучга кирди – кечки соат 23:00дан эрталабки соат 6:00гача кўчада бемақсад юриш тақиқланади. Бу чоралар фақат Канар ороллари учун тааллуқли эмас.

Шунингдек, алоҳида ҳудудлар чегараларини ёпиб қўйган. Бир уйда яшамайдиган одамлар жамоат жойида 6 нафардан ортиқ бўлиб йиғилиши тақиқланади. Ўтган ҳафтада Испания пандемия бошидан буён касалланганлар сони бўйича миллионлик нуқтани забт этганди. Мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари сони ҳам шунга мос равишда ўсиб бормоқда.

Барселонада карантин чораларига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда.

Бошқа мамлакатлардаги вазият

Эпидемиянинг иккинчи тўлқинидан жиддий азият чекаётган Чехияда кафе ва ресторанлар фақат олиб кетиш учун овқат сотиши мумкин, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмайдиган дўконлар ёпилган, мактаблар яна онлайн режимга ўтказилган. Прага ташқарисида 500 ўринли янги госпитал барпо этилган, расмийлар беморларнинг янги оқимини кутмоқда.

Франция соғлиқни сақлаш органлари вакиллари кунлик касалланиш ҳолатларининг ҳақиқий сони расмий статистикадагидан икки баробар кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Уларнинг баҳоларига кўра, мамлакатда касалланиш ҳолатлари сони ҳар куни 100 минг кишига ўсмоқда (аломатларсиз беморлар ва ташхис қўйилмаганлар ҳам қўшилганда). Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, Францияда қарийб 1,2 млн киши вирусдан зарарланган, шундан 34,7 минг бемор вафот этган.

Оқ уйнинг бош маслаҳатчиси Марк Медоуз АҚШ ҳукумати Covid-19 билан боғлиқ вазиятни назоратга олишга уринмаслигини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, эпидемия устидан фақат вакцина ва дори-дармон билан даволаш орқали ғалаба қозониш мумкин.

Дональд Трампнинг президентлик пойгасидаги рақиби, демократ Жо Байден бунга жавобан президент маъмурияти жангсиз таслим бўлаётганини айтди.

Мамлакатда касалланиш бўйича статистика ўсишда давом этмоқда, сўнгги бир кунда АҚШда яна 83,7 минг кишида вирус аниқланган. АҚШ умумий касалланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари сони бўйича жаҳон рейтингида етакчи – 8,6 млн ҳолат ва 225,2 минг ўлим.

Хитойда оммавий тест
Хитойда яна бир шаҳар тўлиқлигича коронавирусни аниқлаш тестидан ўтказилади. Бу сафар 4,7 млн аҳолига эга бўлган Қошғарда аҳоли ёппасига тест қилинмоқда. Тотал тестлаш ҳақидаги қарорни ҳукумат Шинжон провинциясида касаллик авж олиши ортидан қабул қилган.

Қошғарда бир неча кун олдин тўқимачилик фабрикаси тикувчисида инфекция аниқланганди. Унда касаллик аломатларсиз кечган, умумий текширув вақтида унда вирус борлиги аниқланган.

Якшанба кунининг иккинчи ярмидан бери Қошғарда 2,8 миллиондан ортиқ кишидан тест олинган, сешанба куни охиригача шаҳардаги барча аҳоли тест қилинади.

Шаҳарда шу вақтгача 138 кишида касаллик белгиларсиз кечаётгани аниқланди. Барча мактаблар ёпилган, шаҳарни фақат тестнинг манфий натижасини кўрсатиш эвазига тарк этиш мумкин.

Хитой ҳукумати Covid-19 статистикасига симптомсиз беморларни киритмайди. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда пандемия бошидан буён 85,8 минг киши касалланган, 4,6 минг киши вафот этган. Аммо экспертлар касалланганларнинг ҳақиқий сони сезиларли даражада кўплигини айтишади.

Шинжонда этник камчиликни ташкил қилувчи уйғурлар истиқомат қилади, бу миллат Хитой ҳукуматининг қатъий таъқиби остида яшамоқда.

«Ковид авлоди» 
Нисбатан қашшоқ оилалардан бўлган 16-25 ёш оралиғидаги ёш британияликлар пандемиянинг асирига айланишди, бу даврнинг оқибатлари ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ уларда сезилади. BBC Panorama дастури журналистлари ўзлари ўтказган тадқиқотга асосланиб, шундай хулосага келишган.

Локдаун даврида бу гуруҳ вакилларининг ишини йўқотиши эҳтимоли нисбатан катта ёшли ишчиларникидан икки баробар юқори бўлган. Сўровномада иштирок этган ҳар 10 кишидан 6 нафари даромади кескин пасайганини билдирган.

16-18 ёшли ўсмирлар учун мактаблар ёпилиши ва дарслар онлайн режимда ўтилиши изсиз кетмайди. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, қашшоқ оилаларнинг фарзандлари онлайн таълим олишда бошқа ўзига тўқ оилалардаги тенгдошларидан ортда қолиб кетишган. Уларнинг аксари учун олий таълим муассасаларига кириш имконияти кескин пасайган.

Тадқиқот британияликлар орасида ўтказилган бўлсада, унинг муаллифлари бундай вазият бутун дунё учун хос эканига урғу беришмоқда, тез орада лексиконда «ковид авлоди» атамаси пайдо бўлиши кутилмоқда.

Уҳанда касалланганларнинг атиги 4 фоизида Covid-19га қарши антитана аниқланган

Хуачжун фан ва технологиялар университетидан бўлган олимлар ўтказган тадқиқотга кўра, коронавирус илк бор тарқалган Уҳанда касалликни бошдан кечирганларнинг атиги 4 фоизида вирусга қарши антитана ҳосил бўлган. Олимларнинг сўзларига кўра, бу факт вакцинага эмас, «ижтимоий иммунитет»га умид билдирган давлатларнинг стратегиясини шубҳа остига қўяди.

Тадқиқот муаллифлари Covid-19ни бошдан кечирган 35 мингдан ортиқ кишини тест қилишган. Бунгача касалланиб чиққанлар қонида икки хил антитана – иммуноглобулин M ва G ҳосил бўлиши айтиларди. Аммо сўнгги тадқиқот натижасига кўра, М типидаги иммуноглобулин тест қилинганларнинг бирортасидан чиқмаган, G типидагиси эса 3,2 фоиз кишида бўлган, антитаналарнинг иккала типи ҳам аниқланган кишилар сони 1 фоиздан камроқни ташкил этган.

Уҳандаги тадқиқот муаллифларидан бирининг сўзларига кўра, табиий равишда ҳосил бўлиши кутилган «ижтимоий иммунитет» ғояси тобора хаёлий сценарийга ўхшаб бормоқда.

Тадқиқот яна шуни кўрсатмоқдаки, касалликни енгил ёки белгиларсиз ўтказганларда узоқ вақт сақланиб қолувчи иммунитет умуман ишлаб чиқилмаслиги ҳам мумкин. Ҳозиргача қисқа муддатда такроран касалланиш билан боғлиқ талай ҳолатлар қайд этилди.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: