Диққат! Зангиотада вазият оғирлашмоқда: «Реанимация бўлимлари деярли тўлган»

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган 1 ва 2-юқумли касалликлар шифохонасига бўлаётган мурожаатлар сўнгги кунларда икки баробарга ошди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали томонидан тайёрланган лавҳада маълум қилинди.

Эфирга узатилган лавҳада муассасадаги беморларнинг кўпчилиги соҳа мутахассисларининг огоҳлантиришларига қарамай, карантин талабларига риоя қилмагани, ўзи ва яқинлари саломатлигига эътиборсиз бўлгани, касалликка қарши эмланишдан бош тортгани, натижада аксарияти оғир ҳаволга тушиб қолганини кўриш мумкин.

«Реанимация бўлимида 36 та ўрин мавжуд бўлиб, ҳозирда уларнинг 34 таси банд. Бу оғир ва ўта оғир касаллар кўпайганидан дадолат беради. Ҳозирги кунда иккита бўш ўрнини ўта оғир беморлар учун захирада ушлаб турибмиз», — дейди Зангиотадаги 2-юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлими мудири Аҳтам Қорёғдиев.

Таъкидланишича, жонлантириш бўлимида ётганларнинг аксариятини коронавирусга қарши эмланмаган фуқаролар ташкил этмоқда.

2-Зангиота ихтисослаштирилган юқимли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимовнинг сўзларига кўра, охирги уч-тўрт кун ичида мурожаатлар сони икки баробарга ошган. Улар орасида шифохонага ётқизилаётганлар 1,5 бараварга, касалларнинг 13 фоизи оғир ҳолатда олиб келиниб, реанимацияга ётқизилмоқда. Беморларнинг аксариятининг ёши 65 дан ўтган ва сурункали касаллиги бор фуқаролар ташкил этмоқда.

«Кўп касалларда вакцинация қилишга имконияти бўлган, лекин улар ҳар хил сабабларга кўра эмланишни рад этган… Эпидемиологик режимни ҳеч ким сақламаяпти, оммавий тадбирлар, тўй, юбилейлар кўпайган. Буларнинг ҳаммаси, албатта, коронавирус кўпайишига сабаб бўлади», — дейди Миразимов.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: