COVID-19 сабабли кўнгилочар масканлар ва кутубхоналар яна ёпилди

Австрия канцлери Себастьян Курц мамлакатда кескин чекловлар яна кучайтирилишини маълум қилди. Бу ҳақда манбаларга таяниб Associated Press хабар берди.

17 ноябрдан бошлаб мамлакатда қисман комендантлик соати киритилади. Аҳоли уйидан фақат ишга, дўконга, спорт билан шуғулланиш ёки хайрия ишлари учун чиқиши мумкин. Ушбу режим 6 декабргача амал қилиши айтилмоқда.

Фақат фуқаролар учун зарурий эҳтиёж моллари, озиқ-овқат билан савдо қиладиган дўконларгина фаолият кўрсатади.

Кўнгилочар масканлар ва ресторанлар ёпилганига икки ҳафта бўлган. Энди улар қаторига кутубхоналар, сартарошхона ва спорт заллари ҳам қўшилди. Мактаблар онлайн-режимга ўтади.

Канцлернинг сўзларига кўра, Австрияда охирги ҳафтада 100 минг кишига 550та янги ҳолат тўғри келган – бу ҳукумат ҳисоблаган меъёрлардан 11 баравар кўплиги ҳаммани ташвишга солмоқда.

Австрия соғлиқни сақлаш вазирлиги фақат қатъий локдаун шифохоналар тизимини инқироздан сақлаб қолиши мумкинлигини қайд этмоқда.

zamon.uz

 

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: