Бозор, бозорқўм ва коррупция

Бош прокурорнинг айтишича, пойтахтдаги “Янгиобод ихтисослашган бозори” директори қатор коррупциявий жиноятларни содир этишда айбланиб, тергов ўтказилмоқда.

У муқаддам савдо ва бозор соҳаларида ишлаб, бир неча маротаба судланган, сўнгги бор “Сергели деҳқон бозори” директори лавозимида ишлаганда содир этган суиистеъмолчиликлари ва талон-торожликлар учун 2016 йилда суд ҳукми билан жазоланган.

У 2019 йил февраль ойида яна “Сергели деҳқон бозори” директори лавозимига тайинланиб, ўша йилнинг апрель ойидан эса “Янгиобод ихтисослашган бозори” директорлигига ўтган.

Атрофига ўзига хайриҳоҳ шахсларни тўплаб, қисқа муддатда 2,7 млрд. сўмлик тушум пулларини ўмарганлиги, 919 млн. сўм солиқдан бўйин товлаганлиги, бозорда 124 та ноқонуний қурилмалар қурдирганлиги аниқланган. Талон-торож қилган пуллардан қарийб 740 млн. сўмини легаллаштирган, жумладан, 340 млн. сўмга 5 хонали квартира, 200 млн. сўмга “Траилблезер” автомашинасини сотиб олган.

P.S.: Биргина шу ҳолат иккита муҳим вазиятни кўрсатади. Биринчиси — илгари коррупция ёки иқтисодий жиноят қилганларнинг яна лавозимга қайтиши кўп учраётганидир. Нафақат хўжалик субъектларида, балки давлат идораларида ҳам шу ҳолат учраяпти. Иккинчиси бозорларнинг ҳалигача хусусийлаштирилмагани, маҳаллий ёки марказий амалдорлар учун чўнтак, нарх-наво масаласида “показуха”ларни қиладиган маскан вазифасини ўтаб қолаётганидир. Хусусийлаштириш тўғрисидаги охирги фармонда ҳам бозорларни хусусийлаштириш “уларни замонавийлаштириш” мақсадида яна ортга суриладиган бўлди.

davletov.uz

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: