Беларусь президенти ўғлини ўз ёрдамчиси лавозимидан озод қилди ва унга генерал унвонини берди

Александр Лукашенконинг тўнғич ўғли Виктор Лукашенко Беларусь президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси лавозимидан озод этилди.  Бу ҳақда Беларусь давлат агентлиги маълумотларига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Президент Александр Лукашенко ушбу фармонни ўғли Викторнинг сайлов йўли билан тайинланадиган лавозимга ўтиши муносабати билан имзолади. 45 ёшли Виктор Лукашенко 2005 йилдан бери Беларусь президентининг ёрдамчиси лавозимини эгаллаб келган. 2021 йил 26 февралда у отасининг ўрнига Беларусь Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) президенти этиб сайланди. Бунга қадар 1997 йил май ойидан буён Александр Лукашенко МОҚ президенти сифатида фаолият юритиб келаётган эди. 26 февраль куни МОҚ бош котиби Полина Головина қўмита раҳбари лавозимига иккита номзодни таклиф қилди — Александр ва Виктор Лукашенко.

«Агар иккита номзод таклиф қилинган бўлса, бу мен учун янгилик. Битта номзод билан чиқасиз деб ўйлагандим. Мен Олимпия қўмитаси раҳбари сифатида кейинги муддатга сайланишни режалаштирмаганман. Агар ўғлимни ўзингизга муносиб кўрсангиз, уни сизга топшираман. Ваъда бериб айтаманки, қўмитада ўғрилик, коррупция, пулни нотўғри сарфлаш бўлмайди. Шунингдек, спортчи ва мураббийларга энг яхши муносабат кўрсатилади. Менга келсак, мен ҳалиям спорт масалаларидан узоқлашмайман», — деди Александр Лукашенко қўмита сайловчиларига.

Шунингдек, 1 март куни Беларусь президенти Александр Лукашенко махсус ва ҳарбий унвонлар бериш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Хусусан, Виктор Лукашенкога захирадаги генерал майор унвони берилди.

Беларусда генерал унвонлари, шунингдек, полковник унвони фақат президент фармони билан тақдим этилади. Александр Лукашенконинг ўзи подполковник ва бош қўмондон унвонига эга.

2019 йил февраль ойида курсантлар билан суҳбат чоғида у ўзини полковник унвонига кўтаролмаслигини айтган. «Бирор мукофотга лойиқ эканимни тушунган тақдиримда ҳам мен ўзимни тақдирлай олмайман. Аммо бунинг муаммоли тарафи йўқ. Мен кимнидир мукофотлаш тўғрисида фармон имзолаганимда жуда мамнун бўламан», — деган эди Лукашенко.

Беларусь президенти ўғли Виктордан ташқари навбатдаги генерал майор унвони билан полковниклар Владимир Куприянюк, Роман Подлинев, Николай Карпенков, Дмитрий Шахраэв, Андрей Павлюченкони тақдирлаган.

Аввалроқ Лукашенко ҳокимиятни ўғилларига топшириши ҳақидаги миш-мишларни рад этган эди.

«Кўп эшицангиз керак: ҳокимият транзити, Лукашенко ҳокимиятни ҳеч бўлмаганда тўнғич ўғлига топширади, у мамлакатда ҳукмронлик қилади, деган гаплар юради. Менинг оиламда бу ҳеч қачон муҳокама қилинмаган ва муҳокама қилиниши мумкин эмаслигини ҳам кўп айтганман. Чунки мендан кейин бирорта фарзандим Беларусь президенти бўлмайди», — деган давлат раҳбари Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) йиғилишида.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: