БАА дунёдаги биринчи араб аёл космонавтини космосга юборади

Бирлашган Араб Амирликлари дунёдаги биринчи араб аёл космонавтини космосга юборади. Бу ҳақда БАА бош вазири Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Маълум бўлишича, Бирлашган Араб Амирликлари ўзининг икки нафар космонавти ал-Мулла ва Нуру ал-Матрушни космосга юборади. Шу тариқа ал-Матруш араб дунёсидаги биринчи аёл космонавтга айланади.

Таъкидланишича, икки нафар космонавт 4000 нафар номзод орасидан танлаб олинган ва тез орада Миллий аэронавтика ва фазони тадқиқ қилиш бошқармаси (NASA)нинг космонавтларни тайёрлаш дастурига қўшилади.

Маълумот ўрнида, 2019 йилнинг 25 сентябрида Байконур космодромидан «Союз-ФГ» ташувчи ракетаси «Союз МС-15» бошқариладиган космик кемаси билан учирилган. Уч кишилик экипаж аъзоси таркибида БААнинг биринчи космонавти Ҳазаа ал-Мансур ҳам бўлган.

Аввалроқ БААда беш йиллик сайёҳлик визалари жорий этилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, БAAда ёғингарчилик миқдорини ошириш учун дронлардан фойдаланиши маълум қилинган.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: