Армия ва толиблар Афғонистоннинг уч йирик шаҳри учун жанг қилмоқда

BBC манбаси хабар қилишича, жангарилар Ҳирот, Лашкаргоҳ ва Қандаҳор шаҳарлари атрофидаги ҳудудларга киришган.

«Толибон»нинг афғон армияси позицияларига ҳужумга ўтиши АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни тарк этишга киришиши билан бошланганди ва ўтган ҳафталар давомида кўплаб ҳудудлар толиблар назоратига ўтди.

Турли баҳоларга кўра, ҳаракат мамлакат ҳудудининг 50 фоизини назорат қилмоқда (толибларнинг ўзи эса Афғонистоннинг 80 фоизи эгалланганини айтишади), аммо улар шу вақтгача бирор йирик шаҳарни эгаллашга муваффақ бўлишмаган.

Қандаҳордаги қочқинлар учун лагерларда айни вақтда 11 мингга яқин оила яшамоқда. Афғон парламенти аъзоси Гул Аҳмад Камин BBC билан суҳбатда ушбу шаҳар экстремистлар қўлига ўтиши эҳтимоли реал ҳолатга айланаётганини қайд этган.

Каминнинг сўзларига кўра, «Толибон» Қандаҳорни ўзининг вақтинчалик пойтахтига айлантиришни мўлжаллаган. Агар бу шаҳар бой берилса, Кобулдаги ҳукумат мамлакат жануби-ғарбидаги яна беш-олти вилоят устидан назоратни ҳам қўлдан чиқаради. Каминнинг қўшимча қилишича, 20 йилдан буён бу шаҳар учун ҳозиргидек шиддатли жанглар олиб борилмаганди.

Унинг сўзларига кўра, жангарилар шаҳарга бир неча томондан ҳужум қилмоқда, агар улар ҳимояни ёриб ўтишса, армия тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмаслиги учун уларга қарши оғир артиллерия қўллай олмайди.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: