Алишер Усмоновга тегишли Халқаро бизнес маркази қурилиши қачон давом эттирилади?

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақов Наманганнинг Амир Темур кўчасидаги собиқ “Кичкинтойлар боғи”да олиб борилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот котиби хабар қилди.

6 гектарни эгаллаган мазкур ҳудудда UMS Holding асосчиси, асли наманганлик бўлган тадбиркор Алишер Усмонов томонидан Халқаро бизнес маркази қурилиши режалаштирилган. Ушбу марказ Конгресс-холл, бизнес мактаби, меҳмонхона, экопарк, спорт-соғломлаштириш иншоотларини ўз ичига олади. Бу ерда сунъий кўллар, фавворалар, автотураргоҳлар барпо этилади.

Бир муддат мазкур марказ қурилиши тўхтаб қолган ва унинг келажаги борасида саволлар туғилаётганди.

— Халқаро бизнес маркази қурилиши баҳор ойларидан бошланади. Бу ерда келгусида халқаро симпозиумлар, бизнес-форумлар ўтказилиши кўзда тутилган. Шу орқали Наманганга инвестициялар кириб келиши жадаллашади, бизнес-туризм учун кенг имкониятлар яратилади. Мазкур марказ Наманганнинг ўзига хос брендига  айланади, — деди вилоят ҳокими.

Маълумот учун, Алишер Усмонов томонидан Наманган шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида 6400 квадрат метр майдонга эга 4 қаватли замонавий кутубхона ҳам қуриб битказилмоқда.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: