Афғонистондаги Россия бош консулхонаси дипломатлари Ўзбекистонга кўчирилди

Россиянинг Мазори Шарифдаги бош консулхонаси дипломатлари вақтинча Ўзбекистонга кўчирилди. Бу ҳақда РИА Новостига Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Юсуф Кабулжанов хабар берди.

“Ҳозирда Россия Федерациянинг Хайратондаги консуллик муассасида ишлаган дипломатлари эсон-омон Ўзбекистон ҳудудига олиб келинганини тасдиқлайман”, – деган ТИВ вакили.

Спутник нашри хабарига кўра, Россиянинг Кобулдаги элчихонаси мамлакатнинг Мазори Шарифдаги бош консулхонаси “вазият ойдинлашгунича” ёпилганини маълум қилган эди.
АҚШ ўз қўшинларининг 90 фоизидан кўпини Афғонистондан олиб чиқиб кетган. НАТОнинг бошқа давлатлари ҳам ҳарбийларини мамлакатдан олиб чиқиб кетяпти.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йил апрелда АҚШ президенти Жо Байденнинг мамлакатдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши ҳақидаги баёнотидан сўнг бошланган эди.

Натижада, Толибон Афғонистоннинг қатор ҳудудларига ҳужум қилди, ҳозир Афғонистоннинг бир неча ўнлаб туманлари толиблар назорати остига ўтиб кетган.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: