Ҳабиб Нурмагомедовнинг сиёсатга ўтиши борасидаги саволга жавоб берилди

Енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедовнинг амакиси Нурмагомед Нурмагомедов жиянининг сиёсатга қизиқмаслигини маълум қилди.

«Ҳабибга сиёсат керак эмас. У буткул бошқача одам, у ўзининг спортини ривожлантиришни, болаларга бирор нарса беришни, хайриялар қилишни ёқтиради. Унда сиёсат ва бошқарувга умуман қизиқиш йўқ», — дейди Нурмагомедов.

Аввалроқ Ҳабиб Нурмагомедов Доғистон президентлигига муносиб номзод экани ҳақидаги мақола эълон қилинганди. Бироқ яккакурашчининг ўзи сиёсатга қизиқмаслигини бир неча бор таъкидлаган.

24 октябрь куни Абу-Дабидаги (БАА) «Жангчилар ороли»да бўлиб ўтган мусобақа асосий жангида Ҳабиб Нурмагомедов ва Жастин Гэтжи ўзаро тўқнаш келди. Унда россиялик спортчи иккинчи раундда рақибига бўғиш усулини қўллаб ғалаба қозонди. Жангдан кейин Ҳабиб фаолиятини якунлашини маълум қилди.

Янгиликни дўстларингизга ҳам юборинг: